08:30 / 11.09.2020
24964
Реклама

Отабек Маҳкамов: «Чет элда ютуққа эришган юртдошларимиз ҳаётини кўпроқ ёритишимиз керак»

«Biz-TV»нинг расмий вакили Отабек Маҳкамов Repost.uz нашри учун янги телеканал ҳақидаги асосий саволларга жавоб берди.

Ўзбекистон медиа олами кундан кунга кенгайиб бормоқда. Сифат ва аудитория билаш ишлаш борасида қилинадиган ишлар кўп, албатта. Бироқ соннинг кўпайиши рақобат муҳитини шакллантиради, рақобат эса салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилиши керак. Демак, оммавий ахборот воситалари сонининг кўпайишини ютуқ сифатида қайд этсак бўлади. Айтингчи, ўнлаб теле ва радиоканаллар, газета ва журналлар, юзлаб интернет сайтлари, блогерлар, влогерлар фаолият юритаётган бу медиа маконда янги онлайн телеканал ўз ўрнини топа оладими?

– Тўғри айтдингиз. Жаҳоннинг илғор мамлакатларидаги каби Ўзбекистон медиа соҳаси ресурслари юқори суръатлар билан кўпайиши кишини қувонтиради. Сон билан бир қаторда сифатнинг ҳам ошиб бориши барчамиз учун фойдали.

Biz-TV Ўзбекистондаги бир гуруҳ ташаббускор ёшлар томонидан 2020 йилда ташкил этилдин ва 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида синов эфири бошланди. Медиа маконда ўз ўрнини топади, деб айта оламан. Мен танлов қилишда ҳеч қачон шошмаганман ва ўзимга яраша принципларим бор. Телеканал концепцияси ва формати ёққанлиги учун, унинг келажаги борлигини кўрганим учун яқиндан ҳамкорлик қилишга рози бўлдим. Biz-TV – нима ўзи? Жавоб: Biz-TV – хорижда истиқомат қилувчи ўзбек ватандошларни бирлаштирувчи бир кўприк.

– Biz-TV хориждаги ҳамюртларимиз учун очилган биринчи телеканал сифатида томошабинга нималарни таклиф қилади?

– Сиз АҚШда яшайсизми, Россияда меҳнат муҳожиримиз ёки япон йигитга турмушга чиқиб, Токиога кўчиб кетганмисиз – барибир мана шу Ватанни, Ўзбекистонни соғинасиз. Она юрт ҳақида ҳар нафасингизда эслайсиз. Biz-TV айнан шу ҳисларни қалбидан ўтказувчи инсонлар учун ташкил этилган. Ўзбекларнинг чет элдаги турмуш тарзи, эришаётган ютуқ ва муваффақиятлари, энг асосийси, ҳаётий тажрибаси ранг-баранг телемаҳсулотлар орқали кўрсатиб берилади. Бир нарсани алоҳида таъкидлашим керакки, телеканал эфирида биронта негатив бўлмайди! Ўзим ҳам хорижда бир неча йилдан буён яшайман, Ўзбекистонни соғиниб ижтимоий тармоқларни кўриб чиқаман. Минг афсуски, аксарият ҳолларда, Ватанни соғиниб кирган одам негатив хабарларни кўриб асаблари таранг бўлади. Асосли-асоссиз айбловлар, турли жиноят ва “самосуд”лар, бир-бирини қон қақшатган одамлар, ўзбекларни шарманда қилувчи турли-туман видеолар... 70% га яқин хабар шундай мавзуда. Бизку, ҳаётда озми-кўпми тажриба тўплаган, оқни қорадан ажрата олишга ёши етган инсонлармиз. Лекин хориждаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган ва келажакда Ўзбекистонни ривожлантирмоқчи бўлаётган ёшларга бу жуда салбий таъсир қилади. Замона зайли билан чет элда яшаётган ўзбек отахону онахонларчи?! Албатта, бугунги замонда фақат позитив хабарни узатишни сўрашнинг ўзи қонунан нотўғри. Лекин фақат позитив руҳдан иборат ресурс яратишни ҳеч ким таъқиқлай олмайди.  Biz-TV'га мени яқинлаштирган ва ҳамкорга айлантирган сабаб мана шу – позитив кайфият, Ватанни соғинганлар қалбига чўғ солувчи ролик ва кўрсатувлар! Бутунлай бошқача формат! Ишонинг, Ватанни соғинган одамнинг қалбида қоралик бўлмайди, юртига ёмонлик тиламайди.

– Жуда яхши фикрлар билдирдингиз! Ўқувчилар ҳам қизиқиб қолишди деб ўйлайман. Онлайн телеканални қаерда кўриш мумкин?

– Телеканалнинг қамров доираси борган сари кенгайиб бормоқда. www.biztv.uz домени, AppStore ва PlayMarket'даги Biz иловаси орқали дунёнинг исталган бурчагидан туриб томоша қилиш мумкин. Шунингдек, Шимолий Америка ҳудудида Telecola, Европада Kartina-TV платформалари обуначилари кўриши мумкин. Шу кунларда 10 дан ортиқ давлатларнинг телеканал провайдерлари Biz-TV'ни улаш бўйича техник синов ишларини амалга оширмоқда. Ишонч билан айта оламанки, яқин бир ой ичида ўзбеклар кўп истиқомат қилувчи Марказий Осиё давлатлари, Россия, Туркия ва Жанубий Корея ҳудудларида ҳам трансляция бошланади.

– Телеканалнинг АҚШдаги расмий вакили сифатида сизнинг вазифаларингиз нималардан иборат?

– Хабарингиз бор, мен 2016 йилдан буён АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яшаб келаман. “Русская реклама” радиосида “Восточный экспресс” муаллифлик дастуримни олиб бораман. Фаолиятим давомида жуда кўп юртдошларимиз билан танишдим, ўнлаб интервьюлар олдим. Улар орасида Америкага энди келган одамлардан тортиб, катта-катта муваффақиятга эришган инсонлар, узоқ йиллар олдин аждодлари кўчиб келган “америкалик ўзбек”лар ҳам бор. Ўзбеклар кўпчилик ўйлагандай фақат меҳнат муҳожирлари эмас. Бугун йирик лойиҳаларни амалга ошираётган, кўп миллионли айланма маблағга эга бўлган ташкилотларга эгалик қилаётган, раҳбарлик қилаётган юртдошларимиз кўп. Афсуски, уларни кўпчилик танимайди. Муваффақиятга эришган инсонларнинг ҳаёт йўлини батафсил ҳикоя қилиш орқали кенг ёритиш миллионлаб ўзбек ёшлари учун мотивация бўлади. Хуллас, Biz-TV орқали АҚШдаги ватандошларимиз ҳаётини ёритиб бораман, ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошираман ва турли форматдаги медиа-маҳсулотларни тақдим этаман.

– Biz-TV кимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган? Бундай лойиҳани амалга оширишнинг ўзи бўлмайди ахир!

– Юқорида айтиб ўтгандим. Онлайн телеканални ташаббускор ва ижодкор ёшлар ташкил қилишган. Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Умумжаҳон ёшлар ассоциацияси Biz-TV'ни ривожлантириш учун яқиндан кўмак беришмоқда. Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ёки консулхонаси (ўзингизга маъқули), Франкфурт шаҳридаги бош консулхона вакиллари ҳам ёрдамларини аяшмаяпти. 

Тез орада Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади.

– Biz-TV бўйича бу суҳбатимиз охиргиси эмас деб умид қиламан. Ишингизга муваффақият ёр бўлишини тилайман. Сиз айтган режалар амалга ошишини кутамиз ва яна мавзуга қайтамиз. Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top