14:57 / 16.09.2020
26026

Тошкент шаҳрига вилоятдан янги ер майдонлари қўшиб олиниши мумкин. Депутатлар бунга қарши

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қизилгул Қосимова ҳамда Мақсуда Варисова Тошкент шаҳрига Тошкент туманидан анклав сифатида берилиши мумкин бўлган ер майдони масаласида муносабат билдирди. Улар Kun.uz билан суҳбатда бир гуруҳ депутатлар ушбу таклифни қўллаб-қувватламасликларини айтиб ўтишди.

— Тошкент туманидан анклав сифатида Тошкент шаҳри маъмурий бошқарувига берилиши мумкин бўлган ер масаласида суҳбатни бошласак. Балки жамоатчиликка бу нарса ҳали номаълумдир, балки бу ҳақда ҳали эшитмаган одамлар бордир. Аслида, нималар жорий этилмоқда ва бу тартиб кучга кирганми?

— Бу тартиб ҳали кучга киргани йўқ, ҳозирда бу фақатгина таклиф. Президентимиз мамлакатимизда урбанизация сиёсатини фаоллаштиришни таклиф қилди. Урбанизация ўзи нима? Урбанизация — менинг тушунишимча, қишлоқ шароитига шаҳардаги имкониятларни олиб кириш, шаҳарлашув жараёни. Қишлоқ аҳолисига ҳам шаҳарда бор бўлган маиший-қулайликлар тизими, тоза ичимлик суви, савдо, ва бошқа имкониятларни тақдим этишдир.

Мақсуда Варисова

Мана шу урбанизация юзасидан қишлоқларимизни шаҳарга яқинлаштириш деган сиёсат йўлга қўйилди ва мана шу сиёсат юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Унга кўра, республикадаги 6та шаҳарга йўлдош шаҳарчалар ташкил қилиниши белгиланган. Йўлдош шаҳарча сиёсати деганда, шаҳарни ташкил қилувчи катта корхоналар, унинг атрофида аҳоли турар жойлари, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, маиший-корхоналар, йўл инфратузилмаси ташкил топишини тушуниш лозим ва бу ерда шаҳар ҳаёти бошланади. Масалан Олмалиқ, Чирчиқ каби шаҳарлар тарихда худди шундай йўл билан ташкил этилган. Шунинг учун ҳам республикамизда 6та шаҳарга йўлдош шаҳарчалар ташкил этиш режа қилинди.

— Булар қайси шаҳарлар?

— Андижон шаҳри учун Шаҳрихон ва Асака, Наманган шаҳри учун Тўрақўрғон ва Чортоқ, Фарғона шаҳри учун Мингдон, Самарқанд учун Челак ва Ургут шаҳарлари, Бухоро шаҳри учун Галаосиё, Қарши шаҳри учун Косон шаҳри ва Хонобод шаҳарчаси.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ўз бошқарувига янги ерларни олиш таклифи билан чиқди. Биз депутатлар Қонунчилик палатасида Янгиҳаёт тумани ташкил қилиш тўғрисида янги қарорни тасдиқлаб бердик. Бунинг учун Тошкент вилояти, хусусан, Зангиотадан 200 гектардан ортиқ, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқдан минг гектардан ортиқ ер берилди.

Маълумки, Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманлари Тошкент шаҳрини таъминловчи туманлар ҳисобланади. Бу туманлар Тошкентда истиқомат қилаётган уч миллиондан ортиқ аҳолини озиқ-овқат билан таъминлайди. Энг катта бойлигимиз бу суғориладиган ер ҳисобланади. Агар биз унумдор ерларимизга уйлар қурсак, ёки бошқа ташкилотларга, биноларга бериб қўйсак менимча тўғри бўлмайди.

Қизилгул Қосимова

—  Тошкент туманидан анклав ҳудуд сифатида Тошкент шаҳар маъмурияти учун янги ер ажратилиши назарда тутилмоқдами?

— Ҳа, бу жойлар Тошкент туманининг энг серҳосил жойлари ва унда 210 гектар ер Тошкент шаҳрига ажратиб берилмоқда. Бу жойда ҳозир 60га яқин тадбиркорлар, фермерлар бор. Бу жой Олмазор туманига йўлдош шаҳарча қилиб берилиб, турар-жойлар кўнгилочар масканлар қурилиши режа қилиб кўрсатилган.

Тошкент тумани ёки Тошкент вилояти ҳам бу ҳудудга инвестиция киритиш қобилиятига эга. Лекин ҳокимиятга бундай ваколат берилмаган. Инвесторлар келишади, лекин амалдаги тартибга кўра қишлоқ туманларининг ҳокимлари экин ерларининг бир қаричини ҳам инвесторга қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсад учун беришга ҳақли эмас ва бу тақиқланган. Агар ҳудуд шаҳар тасарруфига ўтса, бу ер энди унумдор эмас, шаҳар ҳудудига айланади ва шаҳар ҳокимиятида юқоридаги ваколат мавжуд. Биз инфратузилма ривожланишига қарши эмасмиз. Лекин унумдор ерни сақлаб қолишимиз керак.

— Тошкент шаҳрини водий ва воҳа вилоятлари орқали қишлоқ-хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш йўлга қўйилган. Бу етарли эмасми?

—  Йўқ, бу етарли бўлмайди. Тошкентни фақат водий боқади деган тушунча нотўғри. Тошкент тумани, Зангиота ва Янгийўл туманлари сабзавотчилик ва боғдорчиликка мўлжалланган, шу соҳаларга кўпроқ ихтисослашган. Тошкентдаги бозорларга борсангиз Зангиота картошкаси, Тошкент тумани сабзиси ва ҳоказо деб айтиб туришади.

Наҳотки шунча боғларни пайҳон қиламиз?! Бу ерда чорвачилик учун ажратилган ер ҳам бор ва у фермадан бир кунда 4 тонна сут олинади. Бу сут қаерга кетади? Шу аҳолимизга берилади. Бу аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулотлар. Бундан ташқари, Тошкент туманининг ўзида ҳам демография ўсиб бормоқда ва ҳозирда аҳоли сони 200 мингдан ортиқ. Уч-тўрт йилда аҳоли сони 300 мингга етади ва уларни ҳам уй-жой билан таъминлаш керак.

Юқорида таъкидлаганимдек, туман ҳокимиятида ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун ажратиб бериш ваколати йўқ. Лекин икки-уч йил олдин Катта ҳалқа йўли ёнларидаги ерлар Тошкент шаҳрига ўтказилди. Сўнг улар бу ерларни хусусий уйлар учун бериб юборишди ва бу аҳоли орасида норозилик келтириб чиқарди. Улар нега ўзимизнинг ерлар бизга берилмайдию, шаҳардагиларга берилмоқда, деб ҳокимиятга аризалар билан мурожаат қилишди.

— Нега бу ерлар вилоят ёки туман таркибида қолдирилган ҳолда уларнинг инфратузилмаси яхшиланмаяпти?

—  Биз ҳам худди шу саволни бердик. Мисол учун, Тошкент туманининг Қозоғистонга чегарадош Тўлабей ҳудудида Тошкент шаҳар бошқарувидаги саноат зонаси ташкил этилади. Агар шу имконият Тошкент вилоятига берилганида, биз аллақачон у ерда саноат зонасини ташкил қилган бўлар эдик.

—  Нега айнан шу ҳудудлар ажратиб берилмоқда?

—  Чунки бу ҳудудлар жуда қулай, яъни оқар сув, ер ва бошқа инфраструктураларга эга ва бу исталган инвесторнинг диққатини жалб қилади. Лекин бизга ваколат берилганида биз Тошкент вилояти ва туманидан етарлича инвесторларни жалб қилган бўлар эдик.

—  Балки бу ўша ҳудудлардаги ишсизликни камайтириш учун мўлжалланаётгандир?

—  Бўлиши мумкин, лекин бу муаммо саноат зонасини ташкил қилиш ҳуқуқи вилоятга берилиши орқали ҳам ўз ечимини топиши мумкин. Қолаверса, Тошкент туманига ҳам боғчалар, мактаблар зарур ва бунинг учун маблағ керак. Маблағ эса мана шу ерлардан келади.

—  Шу ўринда аниқлаштириш учун яна бир савол: балки бу ҳудуддаги аҳолининг ўзи Тошкент шаҳри маъмуриятига ўтишни исташаётгандир?

—  Бу ҳудудлар аҳоли истиқомат қиладиган эмас, асосан қишлоқ хўжалиги ҳудудлари. Яъни фермер ва тадбиркорларнинг ерлари ва ушбу корхона ҳамда ташкилотлардан туман бюджетига тушум тушиб турибди.

Қолаверса, қишлоқларда ҳам шаҳар шароитини яратиш мумкин ва бунинг учун қишлоқ ҳудудини шаҳар ҳудудига қўшиб бериш шарт эмас. Буни аҳоли даромадини орттирган ҳолда ҳам амалга ошириш мумкин. Ҳали бу таклиф қабул қилингани йўқ ва ўз кучига эга эмас. Юқоридаги фикрлар депутатларнинг бу таклифга бўлган муносабати ва мақсадимиз Ўзбекистондаги барча аҳоли айниқса ёшлар учун тенг шароитлар ва имкониятлар яратиш.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Нуриддин Нурсаидов. 

Top