12:51 / 18.09.2020
7154

Жиззахда йирик миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаро Арнасой тумани “Тинчлик” фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 6 кишидан насияга олган 68 бош майда шохли молларини ўзлаштириб юборган. 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, бу шахс дастлаб фуқароларнинг бир нечта чорва молларини яхшигина нархга олиб, пулларни келишилган вақтда етказиб беради.

Кейинги сафар у янада кўпроқ қўй олиб кетган ва қорасини кўрсатмаган. Жабрланувчилар ички ишлар органларига мурожаат қилишган. 

Ғаллаорол тумани Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1969 йилда туғилган Б.Ж. ҳам бу шахсдан азият чекканлардан бири. У 2019 йилнинг декабрь ойида шу туманнинг Олимлар маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ф.М.дан “Нексия” русумли автоуловни 55 миллион сўмга савдолашиб олган. Аниқроғи, 25 миллион сўмни нақд бериб, қолганини бўлиб-бўлиб тўлашга келишганлар.

Аммо, ушбу автоулов Тошкент шаҳрида яшовчи бошқа бир шахсга тегишли бўлиб чиқди. “Нексия”нинг ҳақиқий эгаси автоуловини шартнома асосида бу шахсга берганлиги маълум бўлди. Шу тариқа Б.Ж. энди етдим деганида, автомашинасидан ажраб қолди.

Жабрланувчи ички ишлар органларига ариза ёзган. Тергов ва суриштирув жараёнида Ф.М. Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида яшовчи, 1955 йилда туғилган А.Ж.дан “Нексия” сотиб олиб, 28 миллион сўм пулини бермасдан келаётгани аниқланган. Шунингдек, у Шароф Рашидов тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Б.Э.дан ҳам “Нексия” олиб, 40 миллион 800 минг сўмини бермаган.

Айни вақтда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш ҳамда айбланувчига қонунда белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўриляпти.

Top