18:47 / 19.09.2020
6116

Чиқинди қайта ишлаб чиқариш кластерлари монополияга айланиши мумкин

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маиший чиқиндиларни қайта ишловчи кластерларни ташкил этиб, уларга монопол ҳуқуқ беришни таклиф этмоқда. Ушбу таклиф тасдиқ учун киритилган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасида акс этган.

Монопол кластерларнинг эксклюзив ҳуқуқлари

Ҳужжат билан Туман (шаҳар) ҳудудларини хусусий шерик сифатида кластерлар билан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисидаги битимлар ўрнатилган тартибда тузилган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечикмай, танлов ўтказмасдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун бириктириш белгиланмоқда.

Лойиҳага кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартибда бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш (сотиб олиш, қабул қилиш) ва ташиш фақат мазкур кластерлар томонидан амалга оширилади. Яъни ҳужжат билан қоғоз, пластик, шиша каби иккиламчи хом ашёни қабул қилиш эксклюзив ҳуқуқи кластерларга берилиши мумкин.

Таъкидланишича, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи иккаламчи хом ашё ушбу хизматларни кўрсатувчи ташкилот, яъни кластер мулки ҳисобланади. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек уларни тўплаш шохобчаларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни унинг мулкдори рухсатисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади.

Кластерларга имтиёзлар

2023 йил 1 сентябргача муддатга фойда солиғи ставкасини бўшаётган маблағларини кластерларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтириш шарти билан 50 фоизга камайтириш кўринишидаги солиқ имтиёзи берилиши назарда тутилган. Шунингдек, республикада ишлаб чиқариладиган маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишга мўлжалланган махсус техника ва технологик ускуналарни харид қилишда ҚҚСни 120 кун муддатда бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда.

Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича 5 фоизли пункт миқдоридаги фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиниши белгиланган.

Аввалроқ, жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган мазкур қарор лойиҳасида эса тижорат банклари томонидан (миллий валютада) ажратиладиган кредитлар Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги имтиёзли фоиз ставкаларида берилиши таклиф этилганди.

ДХШ лойиҳалари доирасида чиқинди полигонида саралаш ва қайта ишлаш ускуналарини ўрнатиш ҳамда технологияларни сотиб олиш учун 1 миллиард сўмгача маблағларни қайтариш шарти билан хусусий шерикчиликка 3 йил муддатга фоизсиз ссуда ажратилиши мумкин.

Экология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, аммо юқорида назарда тутилган бандлар лойиҳанинг тасдиқ учун киритилган сўнгги кўринишида пайдо бўлган. 

Алишер Рўзиохунов

Top