16:11 / 19.09.2020
6316

«Қандай гапиришни, сўзлар қаерда жойлашганини билмаётгандим» – Навальний тикланиш жараёни ҳақида пост қолдирди

Заҳарланиш ташхиси билан Берлиндаги «Шарите» клиникасида даволанаётган россиялик сиёсатчи Алексей Навальний тикланиш жараёни қандай кечаётгани ҳақида гапириб берди.

Фото: инстаграм

«Келинг, сизга тикланиш жараёни қандай ўтаётгани ҳақида гапириб берай. Телефон қўлимда тошдан фарқи йўқ матоҳдек туриши, ўзимга сув қуйиб ичиш бутун бошли атракционга чиқишдек туюлиши каби ҳозирги муаммолар олдингилари билан солиштирганда шунчаки ҳолва.

Бир неча кун аввал мен одамларни танимаётган, қандай гапиришни билмаётган эдим. Ҳар куни эрталаб доктор келиб, «Алексей, мен ёзув тахтасини олиб келдим. Келинг, унда қандай ёзишни ўрганамиз», дерди. Бундан ҳайратга тушардим. Доктор нима хоҳлаётганини-ку тушунардим, аммо сўзларни қаердан олишни, улар бошнинг қайси қисмида туришини билмасдим. Ҳайронлигимни ҳам ифода қила олмаганим сабаб сукут сақладим. Бу ҳали мен эслай оладиган охирги босқичлар.

Ҳозир мен оёқлари зинапоядан юраётганда қалтирайдиган йигитман. Шундай бўлса-да, бу зинапоя эканини, ундан кўтарилиш кераклигини тушуняпман. Ҳатто лифт қидириш кераклигини ҳам тушуниб етяпман. Юқоридаги босқичларда мен шунчаки қараб турган бўлардим.

Хуллас, мен ҳал қилишим керак бўлган муаммолар кўп. Берлин университетининг «Шарите» клиникасидаги ажойиб шифокорлар мени тузатишмоқда. Улар «техник тирик одам»дан яна Жамиятнинг Олий Тоифаси Вакили – инсонга айланишимда ёрдам беришди. Мен яна бемалол инстаграм титкилаб, ҳеч қандай иккиланишсиз қаерга лайк босиш кераклигини англаяпман», деб ёзди Алексей Навальний инстаграмдаги саҳифасида.

Сиёсатчи 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганда самолётда ўзини ёмон ҳис қилган ва заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушганди. 22 августдан буён Германияда даволанаётган Навальний 7 сентябргача комада эди.

Top