15:00 / 05.10.2020
8405

Божхоначилар йирик миқдордаги ноқонуний импорт билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйишди

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи бир нечта МЧЖларнинг расмий ва норасмий раҳбарлари, уларнинг ноқонуний фаолиятида иштирок этувчи фуқаролар божхона органларининг тезкор таркибий тузилмалари томонидан кузатувга олинди. Тезкор кузатувлар давомида бирламчи шубҳалар ўз тасдиғини топди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 4 октябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимлари томонидан «Чуқурсой» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни паст ставкали товарларга алмаштириш билан шуғулланиб келган, пухта ўйланган жиноий схемага асосланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Маълум бўлишича, олдиндан тузилган режага кўра, ташкилот номига хориждан импорт қилинган юқори ставкали генератор, сув пуркагич, чангютгич, кирювгич каби қимматбаҳо хўжалик ускуналари ва қурилиш анжомлари «вақтинча сақлаш» божхона режимига расмийлаштирилиб, ўз омборида юқоридаги товарлар ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан сохта йўл-юк кузатув хужжатларида кўрсатилган қулф, электрод, токқайчи ва арра каби 16 турдаги товарларга алмаштирилаётган вақтда тўхтатиб қолинган.

«Буни қарангки, юк эгалари ушбу жиноятни амалга ошириш учун жиноий гуруҳга 20 нафар шахсни ёллаб, ҳар бирининг вазифаларини тақсимлашган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ва ашёвий далил сифатида олинган 31 турдаги 4214 дона товарларнинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳнинг ғараз мақсадлари амалга ошганда, давлат ғазнасига 1 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиб, 4,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилар эди.

Ҳолат юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти эса божхона аудитидан ўтказилади.

Top