09:54 / 11.10.2020
18820

1,5 минг евро маош ва жуда кўп компьютер. Эстония мактабларини қандай ривожлантирган?

Эстония таълим тизими дунёдаги кўплаб халқаро таълим рейтингларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Таълим билан доим ҳам мақтана олмайдиган постсовет тизимидан чиққан Эстония бунга қандай эришди?

Фото: Getty Images

Ҳозирги вақтда собиқ иттифоқ республикаларида таълим тизими, айримларини айтмаганда, СССР даврида қандай бўлса, шундай сақланиб қолган: хусусий мактабларга эътибор йўқ, давлат тасарруфидаги мактабларда таълим сифатидан кўра ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилиш, мактабларда ўқувчиларнинг билим олишидан кўра қандай кийинишини назорат қилиш муҳим. Шунингдек, постсовет республикаларининг аксариятида 11 йиллик таълим тизими босқичларга бўлинмаган ҳолда давом этиши ҳам СССРдан мерос. 

Бугун Эстония мактабларида советча таълим тизимидан ҳеч нарса сақланиб қолмаган, ҳаммаси ўзгариб, замонавий таълим тизими жорий этилган. Шу сабабли мамлакат таълим тизими бир неча йилдан буён турли халқаро рейтингларда бошқа постсовет республикаларидан фарқли ўлароқ, анча юқори ўринга эга бўлиб келяпти. 

Ана шундай нуфузли халқаро таълим рейтингларидан бири PISA (Programme for International Student Assessment) халқаро рейтинг дастури ҳисобланади. PISA халқаро рейтинги 2000 йилдан буён тест синовлари ёрдамида дунёнинг юзга яқин давлатларидаги ўқувчиларнинг билимларини баҳолаб боради. Бундан 10-15 йил олдин PISA рейтингида Финляндия таълим тизими юқори ўринларда юрар, дунё таълимида янги «Фин модели» овоза бўлган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, ушбу рейтингда айнан «Фин модели»ни яхши ўзлаштирган Эстония таълим тизими юқори ўринларга чиқди. Бугун кўпчилик давлатлар таълим соҳасида Эстония тажрибасини ўрганмоқда. Қуйида Эстония бу ишни қандай уддалагани ҳақида фикр юритилади.

PISA халқаро рейтингида сўнгги тест натижаларига кўра, эстон ўқувчилари ифодали ўқиш бўйича дунёда бешинчи, математикадан саккизинчи ва кимё бўйича тўртинчи ўринни эгаллади. Улар ушбу натижа билан барча қўшниларини ва Европа Иттифоқи мамлакатларини ортда қолдирди. Рўйхатни атиги тўртта вилояти билан қатнашган Хитой бошқармоқда. Иккинчи ўринни Сингапур ўқувчилари банд этган.

АҚШ ва Буюк Британия кучли йигирматаликда, бир вақтлар пешқадам бўлган Финляндия кучли ўнликдан жой олган. Постсовет республикалари эса анча пастда жойлашган: Латвия 30-ўрин, Россия 31-ўрин, Литва 34-ўрин, Беларусь 36-ўрин, Украина 39-ўринда. 

Совет таълим тизимидан воз кечиш 
Эстония совет таълим тизимидан воз кечишни мустақил бўлган йилларданоқ бошлаган. Масалан, мактабни битиришда ягона давлат имтиҳонларини жорий қилиб, сўнг унинг натижасига қараб битирувчиларни ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилиш тизими Эстонияда ўтган асрнинг 90-йилларидан буён амалда.

Бугун, СССР тарқаб кетганига қарийб 30 йил бўлганда Эстония таълим тизимида совет таълим тизими унсурлари мутлақо қолмаган. Эстонияда мактаб таълими уч босқичга бўлинади: 1-3 синфлар I босқич, 4-6 синфлар II босқич, 7-9 синфлар III босқич. Ҳар уч босқичда ҳам ўқувчилар ягона давлат таълим тизими асосида ўқитилади. Ўзлаштириши яхши бўлмаган ўқувчиларга ёзги таътилда икки ҳафталик қўшимча дарслар ўтилади. Агар ўқувчи шунда ҳам етарли даражада ўзлаштира олмаса, синфда қолдирилади.

9-синфни битирган ўқувчиларга махсус сертификат берилади. Шундан сўнг, улар яна уч йил, 10-12 синфлар ҳисобидан олий ўрта таълим деб аталувчи босқичда гимназияларда таълим олишади. Бу босқичда ўқувчиларга ўзлари танлаган соҳа бўйича дарс ўтилади: кимдир касб-ҳунар йўналишида, кимдир академик йўналишда ўқийди. 

Битирувчилар ягона давлат имтиҳони топширади ва унинг натижасига қараб ОТМларда ўқиш имкониятига эга бўлади. Кимнинг рейтинг баҳоси яхши бўлса, у яхшироқ ОТМда ўқиш имкониятини қўлга киритади. Эстония ОТМда бериладиган диплом Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва яна бошқа дунёнинг кўплаб давлатларида тўғридан тўғри тан олинади. 

Эстониядаги ўқитувчилар дарс беришда кенг ваколатларга эга ва улар ўз ишида тамомила мустақил. Мамлакатда таълим сифатининг юқорилиги аввало юқори малакали ўқитувчилар ҳисобига. 

Собиқ иттифоқ республикалари орасида Эстония ўқитувчиларга энг юқори маош тўлаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Шу омил ҳам таълим сифати яхши бўлишига қисман ҳисса қўшади. Эстонияда ўқитувчиларнинг ўртача маоши 1513 еврони ташкил этади. Бу мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан баландроқ ҳисобланади. 

Эстонияда демографик ҳолат ўта пассив, туғилиш даражаси паст. Мамлакат аҳолиси таркибида болалар бошқа постсовет республикаларига нисбатан кам. Шу сабабли мактабларда ўқувчилар бир сменада ўқийди. Тушгача дарсларда қатнашган ўқувчилар тушдан кейин мактабда қолиб, яна бир неча соат қўшимча тўгаракларда сабоқ олади. 

Аҳоли сони доимий равишда ошиб келаётган постсовет республикаларининг аксариятида бугун мактабларда дарслар икки сменада ташкил этилади ва ўқувчиларда тушдан кейин мактабда қолиб, қўшимча тўгаракларда дарс олиш имконияти йўқ. Бу жиҳатдан ҳам Эстония таълим тизими бошқалардан бир қадам олдинда. 

Мақсад муваффақият гаровидир 
PISA халқаро рейтингининг Эстониядаги вакили Гунда Тиренинг айтишича, муваффақият қозониш учун ўз олдига жиддий мақсад қўйишда эстониялик ўқувчиларнинг олдига тушадигани йўқ. Улар ўз устида жиддий ишласа, албатта, муваффақият қозонишини яхши тушунади ва шунга ҳаракат қилади.

Эстон мактабларида қатъий дастур йўқ / FOCUS

Мамлакат таълим вазири Март Лайдметснинг сўзларига кўра, эстониялик ўқувчилар бугун рақамли технологияларга жуда қизиқади. Ўқувчиларга биринчи синфданоқ компьютер дарслари ўтилади. Бу уларга аниқ фанларни ва хорижий тилларни яхшироқ ўзлаштиришига ёрдам беради. PISA халқаро рейтинг тестларида эстониялик ўқувчиларнинг юқори ўринларни эгаллашига маълум маънода шу ҳам сабаб бўлади. Тестлар рақамли технологияларга асосланиб тузилади. Кўпчилик мамлакатларда унинг нималигини ҳам тушунишмайди. Эстония таълими эса бугун деярли рақамли технологияларга ўтиб бўлган.

Мактаб дастури мавжуд эмас 
Эстонияда ўқитувчилар ўзлари зарур деб ҳисоблаган жиҳатларга эътибор беришлари мумкин, чунки мактабда қатъий дастур мавжуд эмас. Болалар олиши керак бўлган билимлар бошланғич синфларда давлат таълим дастурига мувофиқ белгиланади. Шу билан бирга, ўша дастурларни дарс жараёнига татбиқ қилишда ўқитувчилар мутлақо эркин ишлайди. Ўқитувчилар турли ёзув-чизувларга асосланган ҳисоботлар топширмайди. Уларнинг иши ўзлари дарс бераётган ўқувчиларнинг билими орқали баҳоланади. Юқори синфларга ўтганда ўқувчиларга деярли тўлиқ эркинлик берилади ва улар ўзлари хоҳлаган фанларни кўпроқ ўзлаштира бошлайди. 

Қандай мақсадларга эришиш кераклигини ҳамма билади, аммо буни қандай амалга ошириш ҳар бир ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Эстония Финляндиядан ўзлаштирган яна бир тамойил – тенглик. Синовларда жамоа билан биргаликда шуғулланиш ҳам яхши самара беради. Фан олимпиадаларида «Нима қилсанг қил, натижа кўрсат», деб ҳеч ким ўқитувчига бюрократик талаб қўймайди. 

Бу фан олимпиадаси йўқ дегани эмас, бор, фақат ўқитувчилар кучли билимга эга ўқувчилар билан эмас, балки ўртача ўзлаштираётганлар билан ҳам индивидуал шуғулланиш амалиёти мавжуд. Аксарият ўқитувчиларнинг ёрдамчиси бор. Мабодо бирорта ўқувчи берилган топшириқни бутун синф билан ўрганишга вақт топа олмаса, ёрдамчи у билан алоҳида ёки кичик гуруҳда шуғулланади. 

Ҳар етти ўқувчига битта ноутбук 
Эстония таълимининг асосий ўзига хос хусусияти рақамлаштириш ҳисобланади. Эстония болалари биринчи синфдан бошлаб компютерларга ўрганишади ва бу PISA тестларида ёрдам беради. 

«PISA тестлари рақамли, кўп мамлакатлар эса ҳали бунгача етиб келишмаган. Эстонияда рақамли кўникмаларсиз яшай олмайсиз, давлат муассасалари 98 фоиз хизматларини рақамли форматда тақдим этади», дейди Эстония таълим вазири Март Лайдметс. Унинг айтишича, Эстония дунёда биринчилардан бўлиб давлат таълим дастурига ахборот-коммуникация кўникмаларини ўқитишни жорий қилган. 

Давлат ҳар йили ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун 4,3 млн евро сарфлайди / VIEW PICTURES

1-синфда болалар асалари роботини дастурлаштиради, 8-синфда улар микроконтроллерлар билан ишлайди, 10-синфда эса питон (дастурлаш тили) ёрдамида видеоўйинлар ёзишади. Ҳар бир фан бўйича ҳафтада камида битта дарс виртуал муҳитда ўтказилади. 

Эстонияда таълим учун зарур бўладиган технологиялар давлат ёки ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан таъминланади. Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, мактабларда ҳар етти ўқувчига камида битта ноутбук тўғри келади. Бундай таъминот нафақат пойтахт Таллинда, балки мамлакатдаги барча мактабларда мавжуд. Масалан, пойтахтдан бир соатлик масофада жойлашган Костивер мактабида 155 ўқувчи учун 48та планшет ва 24та ноутбук бор. 

«Агар биз маҳаллий ҳокимиятдан мактаб учун зарур нарсаларни ҳомий сифатида олиб беришни сўрасак, улар рад этишмайди. Агар сўровимиз асосли ва ўринли бўлса, бизга сўраган нарсамизни беришади», дейди Костивердаги мактаби директори Ольга Сайковская. 

Давлат ўқитувчилар тайёрлашга ҳар йили ўртача йилига 4,3 миллион евро сарфлайди. Эстониядаги ўқитувчиларнинг 54 фоизини 50 ёшдан катталар ташкил этади. Уларнинг ҳаммаси ҳам компьютерда таълим беришни билавермайди. Шу сабабли ҳукумат таълим учун ажратаётган маблағнинг бир қисмини ёш ўқитувчи кадрларни тайёрлаш учун сарфлайди. 

«Биз алоҳида эътиборга муҳтож ўқувчилар электрон муҳитда вазифаларни яхшироқ, баъзан эса ҳаммадан яхши бажаришини пайқадик. Одатда бундай ўқувчилар дарс пайтида орқа партада, бошқа ўқувчиларга аралашмай ўтиради. Улар учун стандарт ёндашув ишламайди, уларга алоҳида эътибор керак», дейди Людмила Рождественская. 

Ўқувчиларга тўғри қидирувни амалга ошириш ҳам ўқитилади 
Эстонияда ўқувчиларга интернетдан фойдаланишни ўрта синфлардан ўргатишади. Уларнинг интернетдан қанчалик хавфсиз фойдаланиши махсус полиция зобитлари – веб-констейбллар томонидан назорат қилинади.

PISA тести натижаларига кўра, эстониялик ўқувчилар дунёда адабиёт бўйича бешинчи ўринни, математика бўйича саккизинчи ва химия бўйича тўртинчи ўринни эгаллашган

«Техник жиҳатдан болалар жуда илғор, аммо улар, интернетдаги турли таҳдидларга қарши курашиш учун ижтимоий кўникмаларга эга эмас», дейди Эстония полицияси подполковниги Мааря Пунак. 

Веб-констейбллар мактаб ўқувчиларининг саволларига тўғридан тўғри ижтимоий тармоқлар орқали жавоб беради ва баъзан дарсларда ҳам қатнашади. Улар болаларни қизиқтирадиган нарсалар ёки ўқитувчиларни хавотирга соладиган барча нарсалар ҳақида гапиришади: киберҳужумдан тортиб бошқа таҳдидларгача. 

Бир сўз билан айтганда, Эстония таълим тизими постсовет республикалардаги таълим тизимидан анча олдинга ўтиб кетган. Балки шунинг эвазига бугун бир парча майдони ва 1,5 миллионга яқин аҳолиси билан Эстония юқори иқтисодий кўрсаткичларни қайд этаётгандир? 

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Top