14:02 / 12.10.2020
11005

Ўртасаройда карантин қоидаларини бузиб, хўроз ўйинларида қатнашган 124 нафар шахс ушланди

Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 9 октябрь куни соат тахминан 00:30ларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртасарой» МФЙ ҳудудида жойлашган от фермасида карантин қоидалари қўпол равишда бузилиши ва кўпчилик йиғилиб, таваккалчиликка асосланган ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилаётгани аниқланган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, вилоят ички ишлар органларининг тунги хизматга жалб этилган ходимлари, бош бошқарма тезкор хизматлари, ППХ ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган ва воқеа жойига борилган.

Қайд этилишича, у ерда ҳақиқатдан ҳам 100 нафардан ортиқ фуқаролар иштирокида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйини ташкил этилганлиги, воқеа жойида карантин қоидалари қўпол равишда бузилганлиги, шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шохобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар санитария қоидаларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Шундан сўнг, тадбир ходимлари томонидан ўйинларда иштирок этаётган жами 124 нафар шахслар қўлга олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.

Top