16:44 / 16.10.2020
2897

Математика ва информатикага бағишланган Ўзбекистон–Исроил илмий анжумани бўлиб ўтди

12–15 октябрь кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Исроилнинг Ҳолон университети ҳамкорлигида «Математика ва информатиканинг чегараси» (Frontier in mathematics and computer science) мавзусидаги тўртинчи Ўзбекистон–Исроил анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда 20дан ортиқ мамлакатдан 200га яқин хорижий ва маҳаллий фан докторлари ва профессорлар қатнашди, дея маълум қилди Ўзбекистон Миллий университети ахборот хизмати.

Тадбирнинг очилиш қисмида ЎзМУ профессори Авазжон Мараҳимов ҳамда Ҳолон университети профессори Эдуард Ёқубов (y Ўзбекистонда таваллуд топган ва мустақилликка қадар яшаган), Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Маҳмудова ҳамда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зехавет бин-Ҳеллеллар нутқ сўзлади.

Онлайн анжуманда АҚШнинг Калифорния университети профессори, халқаро Филдс мукофоти совриндори Йефим Зелманов ва Петровский номидаги мукофот соҳиби Александр Скубачевский ҳам маърузалари билан қатнашди.

«Конференциянинг асосий мақсади – математика ва информатиканинг амалий ва назарий жиҳатларини бирлаштириш, «ақлли» технологияларни жорий этиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат», – дейилади хабарда.

Top