14:22 / 16.10.2020
15931

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг директори ўзгарди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра, вазирлик ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг директори лавозимига Хуршид Фозилов тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Хуршид Фозилов 1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Шунингдек, Россия Федерациясининг А.Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлик маркази клиник ординатура ҳамда аспирантурасида ўқиган. Юртимизга қайтгач, ихтисослиги бўйича фаолият юритган. Тайинловдан аввал, 2017 йилдан буён Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори лавозимини эгаллаб келган. Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Хуршид Фозиловга аҳолига сифатли ва халқаро талаблар асосида ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, кардиологик касалликлар профилактикаси бўйича стратегия ишлаб чиқиш, уларга ташхис қўйиш ва олдини олишда самарали ёндашувлардан унумли фойдаланиш каби вазифалар юкланди. Шунингдек, кардиология соҳасида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни татбиқ этиш, ёш малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш сингари вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу тиббиёт муассасасида директор лавозимида ишлаб келган Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Равшанбек Қурбонов марказ директорининг маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.

Top