17:15 / 20.10.2020
5721

Конгода қамоқхонага жангарилар ҳужум қилганидан сўнг 900га яқин маҳкум қочиб кетди

Фото: EPA

Конго Демократик Республикаси Бени шаҳридаги қамоқхонага қилинган ҳужумдан кейин тахминан 900 нафар маҳкум қочиб кетган. The New York Times нашрининг ёзишича, қамоқхонага ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари ҳужум қилган.

Маълум бўлишича, жангарилар атрофида ҳарбий лагер бўлган Кангбайи марказий қамоқхонасига ҳужум қилган. Шаҳар мэри Модесте Бакванамаханинг сўзларига кўра, жиноятчилар қамоқхона эшигини махсус мослама ёрдамида очишган.

Натижада, мингга яқин маҳкумдан бор-йўғи 100 киши атрофида одам қолган. Ҳозирча бирорта террорчилик ташкилоти ушбу воқеа юзасидан жавобгарликни ўз бўйнига олмади. Лекин шаҳар мэри ҳужумни ИШИДга бўйсунувчи гуруҳлардан бири амалга оширган деб ҳисобламоқда.

2014 йилда ҳам жангарилар Конго шарқидаги бошқа қамоқхонага ҳужум қилишган эди. Ўшанда 370 нафар маҳкум қочиб кетган.
 

Top