16:01 / 22.10.2020
4938

Қирғизистонда такрорий парламент сайловлари ўтказилиши муддатини кўчириш таклиф қилинди

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари дастлаб сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш, сўнгра сайлов ўтказишни таклиф қилишмоқда.

Фото: Табылды Кадырбеков

Қирғизистон парламентининг бир гуруҳ депутатлари 20 декабрда ўтказилиши белгиланган парламент сайловлари муддатини кўчириш кўзда тутилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун парламентга тақдим этилди.

Лойиҳа ташаббускорлари дастлаб сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш, сўнгра сайлов ўтказишни таклиф қилишмоқда.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, такрорий парламент сайловлари 2021 йилнинг 1 июнидан кечиктирилмасдан ўтказилиши лозим.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси Қирғизистон парламентига бўлиб ўтадиган такрорий сайловларни 2020 йилнинг 20 декабрь санасига белгилаганди.   

Мамлакатда парламент сайловлари 4 октябрь куни бўлиб ўтган эди. Сайловнинг якуний натижаларига кўра, 4та партия Жўқорғу Кенешдан жой олган.

 Бироқ натижалардан норози бўлган бошқа партияларнинг талаби ва Бишкекда бошланган намойишлардан сўнг 6 октябрь куни Қирғизистон МСК сайлов натижаларини бекор қилган.

Мавзу
Қирғизистонда ҳукумат алмашинуви
Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган мухолиф партиялар инқилоб амалга оширишди.
Барчаси
Top