12:37 / 31.10.2020
8707

14 ноябрдан Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентликлари янги тартибда фаолият юрита бошлайди

2018 йили Ўзбекистонда фуқаролар бандлигига кўмаклашиш мақсадида хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилган эди. Дастлабки вақтларда ушбу фаолият билан шуғулланиш учун 103та агентлик лицензия олган бўлса, ҳозирда уларнинг 25тасигина фаолиятини давом эттирмоқда.

Бу ҳақда Тошкентдаги Мономарказда бўлиб ўтган тадбирда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири Меҳриддин Хайриддинов маълум қилди.

«Шу кунгача 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 75 та ХБАларга ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда лицензия берилган ва ҳозирда 25 таси ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда.

Ачинарлиси, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари учрамоқда.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 11 та ХБАнинг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ХБАлар томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79,1 млрд. сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган», - деди Бош вазирнинг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов.

Шу билан бирга, 2019-2020 йилларда ХБАларнинг саъй-ҳаракати натижасида 3224 ўзбекистонлик Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БАА, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатар каби давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилган.

Афсуски, ХБАлар томонидан турли қонун бузилишларига йўл қўйилаётгани боис, ХБА томонидан жиноий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йил 13 августда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ЎзР қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгаришлар 14 ноябрдан эътиборан амал қила бошлайди.

Хўш, эндиликда, ХБАлар қандай тартибда ишлай бошлайди?

  • ХБА хорижда иш қидираётган шахсларга ёзма шаклда билдиришномада ишга жойлаштирганлик учун мижоздан ҳақ ундирмаслиги қайд этилади;
    Мазкур билдиришномада ХБА шартнома мажбуриятини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда мурожаат қилиши учун ХБАнинг ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг почта манзили ҳамда телефон рақамлари кўрсатилади.
  • ХБАдан жамғармага олинадиган захира маблағи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари (8500 карра – 182 755 АҚШ доллари)ни ташкил этади.
  • Хорижга ишга жойлаштирилаётган шахслардан бевосита хизмат ҳақи ундирилмайди, аксинча, ХБА хизмат ҳақини хориждаги иш берувчи тўлаб беради.
  • ХБАнинг фуқарога берадиган ахборот ва маслаҳат хизматлари қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан ошмайди.
  • ХБА фуқаро билан шартномасини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labormigration.uz” ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиши белгилаб қўйилди.

Kun.uz мухбири хорижий иш берувчиларнинг ХБАлар хизмат ҳақини тўлаб бериши ўзбекистонлик ишчиларнинг жаҳон меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигига қанчалик салбий таъсир этиши мумкинлигига қизиқди. Бу саволга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги юридик бошқармаси бошлиғи Камола Шукурова қуйидагича изоҳ берди.

«Ўзбек ишчилари жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардошлигини йўқотмайди. 181-сонли Халқаро конвенция бор. “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ушбу конвенциянинг 7-моддасига асосан ХБА талабгордан кўрсатган хизмати учун пул олиши тақиқланган. Чунки иш излаб юрган фуқаро молиявий оғир аҳволда қолган фуқаро ҳисобланади.

Шу боис бутун дунёда шундай тажриба йўлга қўйилган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек меҳнат мигрантлари ва бошқа меҳнат мигрантлари бир даражада бўлади. Улар, эндиликда, хорижлик ҳамкасблари билан меҳнат малакаси бўйича рақобатлашади», – деди Камола Шукурова.

Top