20:47 / 11.11.2020
9187

Саудия Арабистонида хорижий дипломатлар иштирокидаги маросимда портлаш юз берди 

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги номусулмонлар қабристонида Биринчи жаҳон уруши якунланганининг 102 йиллигига бағишланган маросим вақтида портлаш юз берди. Тадбирда Европанинг бир қатор давлатлари дипломатлари иштирок этган.

Фото: AFP

“Al Jazeera” телеканалининг Франция Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, тадбир Франция элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган ва унда Европа иттифоқи ва бошқа давлатлар делегациялари иштирок этган. Портлаш оқибатида бир неча киши жароҳат олган. Франция ташқи ишлар вазирлиги “ҳеч нарса билан асосланмаган” ушбу ҳужумни қоралаган.    

Маросим вақтида қўлбола портловчи қурилма ҳаракатга келтирилган. 

Франция томони Жиддадаги фуқароларини шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлишга ва гавжум жойларга бормасликка чақирган.  

“Жиддадаги номусулмонлар қабристонида портлаш юз берди. Енгил жароҳат олган 4 киши, жумладан бир грек бор”, деб маълум қилган исми келтирилмаган грециялик димломат.  

“Al Ikhbariya” телеканалининг хабар беришича, воқеадан кейин қабристон атрофида кордон қўйилган. Телеканалнинг маълум қилишича, портлаш оқибатида Греция консулхонаси ходими ва подшоҳлик хавфсизлик хизмати ходими жароҳат олган. 

Бу Жиддада охирги кунларда хорижликларга қарши содир этилаётган иккинчи ҳужумдир. Октябр охирида саудиялик фуқаро Франциянинг Жиддадаги консулхонаси қўриқчисига пичоқ билан ҳужум қилган ва уни яралаган.

Октябр ва ноябрда мусулмон давлатларида Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатура қилинган расми эълон қилиниши ва Франция президенти Эмманюэл Макроннинг бу борадаги баёнотларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Норозиликлар 16 октябрда Францияда чечен миллатига мансуб 19 ёшли Абдуллоҳ Анзоров дарс вақтида ўз ўқувчиларига сўз эркинлигининг намойиши сифатида Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатура қилинган расмини кўрсатган ўқитувчини ўлдирганидан кейин бошланган. Макрон ўқитувчининг ўлдирилишини “ислом террорчилигига хос хатти-ҳаракат” деб атаган. Франция президенти ундан аввалроқ, октябр бошидаги маърузасида “ислом дини дунё бўйлаб инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда” дея таъкидлаган.

Top