16:02 / 21.11.2020
18425

Эстония президенти фарзандларини мактабга хизмат машинасида олиб борган вазирни ишдан бўшатди

Вазир иш ва оилавий ҳаётни аралаштириб хато қилганлиги учун жавобгарликни зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.

Майлис Репс / Фото: Henri-Kristian Kirsip

Эстония президенти Керсти Калюлайд фарзандларини хизмат машинасида олиб юргани учун мамлакат таълим ва фан вазири Майлис Репсни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Репс фарзандларини мактаб ва тўгаракларга хизмат машинасида олиб боргани тўғрисида ОАВ бонг урганидан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

“Вазир ва она ролини аралаштириб юборганлигим сабабли кучли босим остида қолдим. Хатога йўл қўйганимни тан оламан ва узр сўрайман”, – деб ёзди Репс ижтимоий тармоқларда.

У фарзандлари вояга етиши ва тарбияланиши учун тинч муҳит яратмоқчи эканлигини айтди ҳамда иш ва оилавий ҳаётни аралаштириб хато қилганлиги учун жавобгарликни зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.

Эстониянинг “Ohtuleht” газетаси уч кун давомида Репс ва унинг оиласини кузатган ва у фарзандларини мактаб ва тўгаракларга хизмат машинасида олиб боргани акс этган фотосуратларни чоп этганди. Бу эса жамиятда вазирга нисбатан эътирозлар уйғонишига сабаб бўлди.

Репс тўрт бор Эстония Таълим ва фан вазири лавозимини эгаллаганди.

Top