13:11 / 24.11.2020
10612

Даҳшатли ҳақиқат: охирги 14 йилда 26 мингдан кўпроқ афғон болалари ўлдирилган ёки майиб қилинган

Афғонистонда сўнгги 14 йилда ҳар куни ўртача 5 нафар бола ўлдирилган ёки отилган.

Фото: Getty Images

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистонда 2005-2019 йиллар оралиғида 26 мингдан кўпроқ бола ўлдирилган ёки майиб қилинган, деб ёзмоқда BBC.

2020 йилги Афғонистон конференцияси олдидан шу ҳафта Женевада бўлиб ўтган донорлар учрашувида “Болаларни асранг” (Save the Children) халқаро хайрия ташкилоти донор давлатларни афғон болалари келажаги учун кўпроқ инвестиция киритишга чақирди.  

Ташкилот маълумотларига кўра, Афғонистон болалар учун хавфли бўлган 11 давлатдан бири ҳисобланади.

Хайрия ташкилоти ўз ҳисоботида Афғонистон учун 2019 йилни энг кўп қотилликлар ва жабрланишлар содир этилган муддат деб атамоқда. Бу йилда 874 нафар афғон боласи ўлдирилган, 2 275 нафари эса ногирон бўлиб қолган.

“Ўтган йили ўлдирилган ва майиб бўлган болаларнинг учдан икки қисми ўғил болалар эди. Улар ҳукумат тарафдорлари ва унга қарши кучларнинг курашлари ва турли портлашлар қурбони бўлишган”, – дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, афғон ҳукумати билан Толибонлар ва бошқа ҳаракатлар ўртасидаги давомли можаролар оқибатида мактаблар доимий равишда ҳужумларга учраб келмоқда. Масалан, 2017-2019 йиллар оралиғида мактабларга 300дан ортиқ ҳужум бўлган. 

“Болангиз бугун бирор ҳужум ёки ҳаво операцияси оқибатида вафот этиши мумкинлиги қўрқувини ҳис қилиб яшашни тасаввур қилиб кўринг. Бу болалари ўлдирилган ёки жароҳатланган ўн минглаб афғон ота-оналар учун даҳшатли ҳақиқат”, – дейди Болаларни асраш ташкилотининг Афғонистон бўйича директори Крис Няманди. 

Top