17:09 / 24.11.2020
5137

Ўзбекистонда шаҳар ҳудудида яшовчиларнинг қишлоқдагиларга қараганда олий таълим олиш кўрсаткичи 2 баравар юқори – ЮНИСЕФ

ЮНИСЕФ «Ўзбекистонда аёллар ва болалар вазиятининг таҳлили» ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда бола ҳуқуқларини амалга оширишга оид вазиятни кўриб чиқиш мақсад қилинган.

Қишлоқ жойларидаги болалар мактабгача таълимдан бебаҳра қолиши мумкин

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда кейинги йилларда мактабгача таълим қамрови ўсишига қарамасдан, у халқаро стандартларга нисбатан пастлигича қолмоқда ва мактабгача таълим қамровини янада кенгайтиришни давом эттириш учун Ўзбекистондан кўпроқ вақт ва сармоялар талаб этилади. Айрим ҳудудларда кам таъминланган оилалардаги болалар, ногиронлиги бўлган болалар, қишлоқ жойларидаги болалар мактабгача таълим билан қамраб олинмай қолиб кетиш эҳтимолига дуч келмоқда.

Мактабгача таълим хизматларидан баҳраманд бўлиш имконияти энг паст даражада бўлган вилоятлар қаторида Қашқадарё (31 фоиз), Сурхондарё (35 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (39 фоиз) эътироф этилмоқда, айни пайтда Тошкент шаҳрида бундай имкониятлар энг юқори даражада – 87 фоизни ташкил этмоқда.

“Мактабга қатнамаслик эҳтимоли бор”

Кам таъминланган оилалар болалари, имконияти чекланган болалар, маълум ҳудудларда яшовчи болалар ва қизлар заиф бўлиши ва улар мактабда ўқишни ташлаб кетиши ёки мактабга қатнамаслиги эҳтимоли катта. 2017 йилда тахминан 142 000 нафар бола мактабга қатнамаган ва уларнинг 60 фоизини қиз болалар ташкил қилган бўлиб, ана шу болаларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалар тоифасига киради, деб тахмин қилинмоқда.

“Мактабга қатнамайдиган болалар улуши мамлакатдаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан (3 фоиз) каттароқ бўлган вилоятлар қаторига қуйидагилар киради: Қорақалпоғистон Республикаси (7,5 фоиз), Сирдарё вилояти (4,5 фоиз), Самарқанд вилояти (4,4 фоиз), Бухоро вилояти (4,3 фоиз) ва Тошкент вилояти (4,2 фоиз)”, – дейилади ҳисоботда. 

“Камчиликда олий таълим олиш имкони бор”

ЮНИСЕФнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ёшларнинг кичик қисмигина олий таълим олиш имкониятига эга. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкони жуда кам болаларда мавжуд (ўрта ҳисобда атиги 9 фоиз, 2017/2018 йилда аёллар учун – 6 фоиз, эркаклар учун – 11 фоиз).

Бутун мамлакат бўйлаб 25-30 ёшдагиларнинг атиги 12 фоизи олий таълим олишга муваффақ бўлди. Олий таълим олиш имкониятига эга бўлишда жиддий тенгсизликлар кузатилади: шаҳар ҳудудида яшовчилар қишлоқ ҳудудида яшовчиларга нисбатан олий таълим олишда икки баравар кўпроқ имкониятга эга (шаҳарликлар 22 фоиз, қишлоқдагилар 9 фоиз). Кам даромадли уй хўжаликларида яшовчи 25-30 ёшдагиларнинг атиги 3 фоизи олий маълумот олишга муваффақ бўлган бўлса, юқори даромадли уй хўжаликларида ушбу кўрсаткич 23 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, олий таълимга эга бўлишда жиддий гендер тафовутлари мавжуд: университетларда таълим олаётган талабаларнинг атиги 37 фоизини (103 299 нафар) аёллар ташкил қилади.

Top