10:42 / 26.11.2020
3220

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилмоқда

Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсад қилинган.

Президент “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қуйидагилар:

2020-2024 йилларда биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;

Биотехнологиялар соҳасида 2020-2024 йилларда бажариладиган устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021-2024 йилларда биотехнологиялар соҳасида илмий-тадқиқот ва инновация ишларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларини Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилади ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини ташкил қилиш;
  • хавфли биологик омиллар таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хавф-хатарларнинг олдини олиш, биологик хавфларни мониторинг қилиш тизимини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган тавсиялар ва таклифларни тайёрлаш, эксперт баҳолаш ҳамда кўриб чиқиш;
  • мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалда рўёбга чиқариш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мақсадли вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
  • Бактериологик (биологик) ва токсик қурол-яроғларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва тўплашни ман этиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларининг амалга оширилишини таъминлаш;
  • муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни, шу жумладан, омма ўртасида муҳокама қилиш.

Белгилаб қўйилишича:

Кенгаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади ва мамлакатнинг биологик хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат органлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади;

Кенгаш ўз фаолиятини мажлислар шаклида юритади. Кенгаш мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар ярим йилда камида бир марта ўтказилади.

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг республикада фармацевтика биотехнологиялари ва вакцина-зардоб ишини ривожлантириш, маҳаллий иммунобиологик препаратларни яратишга йўналтирилган фаолияти қўллаб-қувватланади ва унинг ушбу йўналишдаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • иммунобиологик препаратлар (вакциналар, зардоблар, тест-диагностикумлар ва бошқалар) бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш;
  • мамлакатнинг биологик хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни илмий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш;
  • вакцина-зардоб иши бўйича инфекция касалликларига қарши профилактика, диагностика, дори воситалари ва препаратларини яратиш, уларнинг ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш;
  • илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида биотехнология, иммунология ва микробиология соҳасидаги илмий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш.
Top