18:37 / 27.11.2020
7846

Маҳаллий электротехника маҳсулотлари турларини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди

Ишлаб чиқариш мураккаб бўлмаган ва хориждан олиб келишдаги транспорт харажатлари юқори маҳсулотлар рўйхати тузилиб, улар Тошкент шаҳри ва Хоразмдаги саноат зоналарида ишлаб чиқарила бошланади.

Президент Шавкат Мирзиёев электротехника ва фармацевтика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Расмий хабарга кўра, мазкур тармоқларда ишни замонавий асосда ташкил этиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар турини кенгайтириш чоралари кўрилгани натижасида сўнгги 3 йилда экспорт ҳажми 1,7 баравар ошган. Жорий йилда бу кўрсаткич 350 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Йиғилишда ҳали камчиликлар кўплиги, электротехника ва фармацевтика иқтисодиётда «ривожланиш нуқталари» бўлиши кераклиги таъкидланган.

«Ўтган 10 ойда иккита соҳа бўйича 2 миллиард доллардан кўп импорт бўлган. Мана шу рақамнинг ўзи нима қилишимиз кераклигини кўрсатиб турибди», – деган Шавкат Мирзиёев.

Маълум бўлишича, жорий йилда электротехника саноати тармоғида 55 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, шундан 26 таси йўлга қўйилган, 29 тасининг ижроси кечикмоқда. Президент бундай қолоқликнинг сабабларини сўраб, уларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берган.

«Электротехника тармоғининг драйвер йўналишларини аниқлаб олиш кераклиги қайд этилди.

Бугунги кунда ишлаб чиқариш мураккаб бўлмаган ва хориждан олиб келишдаги транспорт харажатлари юқори маҳсулотлар импорти 500 миллион доллардан ортади. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига йил якунига қадар шундай маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, Тошкент шаҳри ва Хоразмдаги саноат зоналарида ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берилди.

Мазкур тармоқдаги экспортни шу йил якуни билан 310 миллион долларга, келгуси йил 370 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунда дунёга машҳур онлайн савдо тармоқларидан ҳам фойдаланиш, халқаро тендерларда қатнашиш яхши самара бериши айтилди. 2021 йилда халқаро стандартларни жорий этиш учун лаборатория ва сертификатлаш марказини ташкил этиш топшириғи берилди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Top