15:55 / 07.12.2020
14309

7 бош лочиннинг яширинча олиб чиқилиши фош қилинди. Уларнинг баҳоси бир неча миллион долларни ташкил этиши мумкин

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Шаҳарнинг чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган шахс ходимлар томонидан кузатувга олинганини сезиб қолгач, шу ердаги уйлардан бирига қочиб киради ва яширинишга уринади. 

Мазкур хонадон белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, қочишга уринган шахснинг қўлидаги сумка очиб кўрилганида, унинг ичида 7 бош лочин борлиги аниқланди.  

Ноқонуний равишда олиб ўтишда атрофдагиларга сездирмаслик мақсадида қушларнинг кўзи, оёқлари боғлаб қўйилган, қанотлари эса скотчланган. Шунингдек, улар сумкага зич ҳолатда жойлаштирилган. 

Ҳозирда мазкур лочинлар Тошкент ҳайвонот боғида сақланмоқда. Келтирилган куни уларнинг 4 нафари оғир аҳволда бўлган. Ҳайвонот боғи ветеринарлари томонидан кўрсатилган муолажа ва парваришлардан сўнг уларнинг аҳволи яхшиланган. 

Амалдаги тартибларга кўра, лочинларга чип ўрнатилди ва энди улар Халқаро реестрга киритилди. 90 кунлик карантин шароитидаги парваришдан сўнг лочинлар яна табиат қўйнига учириб юборилади.

Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига “итолғи” номи билан киритилган ушбу лочинлар асосан Ғарбий Тяншан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмалари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда бу каби итолғи лочинлари кескин камайиб, ҳозирда атиги 70 жуфт сақланиб қолгани тахмин қилинади.

Лочинларни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган шахслар уларнинг ҳар бирининг баҳоси ўртача 30 млн. сўмдан эканлигини таъкидлашган. Дунё бўйлаб қора бозорларда лочинларнинг нархи 15 минг АҚШ долларидан 150 минг АҚШ долларигача баҳоланади. Улар қўлга ўргатилганида баҳоси бир неча миллион долларгача етиши мумкин.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top