08:18 / 07.12.2020
4679

Сергелидаги қозонхона 571 минг куб метр табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазири бошчилигидаги махсус штаб, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзнефтгазинспекция ва “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Жорий йилнинг 5 декабр куни Тошкент шаҳар Сергели тумани, Нилуфар кўчасида жойлашган “Тошиссиққуввати” ДУКга қарашли “Саноат Энергия” қозонхонасининг табиий газ таъминоти ҳолати ўрганилган.

Мазкур қозонхона орқали Сергели тумани аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси (иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти) билан таъминланади.

“Саноат Энергия” қозонхонаси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган стратегик объект бўлганлигини инобатга олиб, ушбу объектнинг бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида (бошқа ташкилотларни табиий газдан узган ҳолда) узлуксиз равишда табиий газ етказиб берилмоқда.

Шунга қарамасдан, корхона раҳбари томонидан қозонхонага кириш газ қувурига қозонхона газ ҳисобдонидан олдин ўзбошимчалик билан уланиб, қозонхона ҳудудидаги бинода табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган ҳолда, оҳак ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилганлиги аниқланди.

Кўрик вақтида бинода жами 12та (15 мм.лик учи букилган труба) ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган, ўлчамлари 3х5 метр бўлган 2та хумдонларда оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги маълум бўлган”, - дейилади хабарда.

Аниқланган ҳолат юзасидан “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами 571,3 миллион сўм (571,3 минг куб метр табиий газ) зарар етказилганлиги аниқланди. Қайд этилган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича барча далил ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилган.

Таъкидланишича, мазкур 571 минг метр куб табиий газ билан ўртача 950та ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини беради.

Top