17:38 / 09.12.2020
5098

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди савдо зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда

Жорий йилнинг 8 декабр куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Артём Новиков билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашувда кўп қиррали шериклик масалалари, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш бўйича истиқболли чоралар муҳокама қилинди.

Савдо соҳасида ижобий тенденциялар қайд этилди - сўнгги уч йил ичида ўзбек-қирғиз товар айланмаси ҳажми 5 баробардан зиёд ўсди ва пандемия шароитида ҳам ижобий динамикани сақлаб қолди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик даражаси ва иқтисодиётлар салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, томонлар ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 1 млрд доллар даражасигача етказиш мақсадида уни кўпайтириш бўйича қўшма чораларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Чегараолди савдо зоналари, шунингдек, чегараолди вилоятларда улгуржи тарқатиш ва агрологистик марказлар ташкил этиш истиқболлари қайд этилди, бу ўзбек ва қирғиз маҳсулотларини истиқболли бозорларга етказиб беришни ошириш ва товар айланмаси таркибини диверсификация қилишга имкон беради.

Томонлар саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Хусусан, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда юқори салоҳият қайд этилди.

Келишилган лойиҳаларни ва савдо, транспорт, ўзаро инвестициялар соҳасида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ амалий чораларни ўз ичига олган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чоралар режасини ("Йўл харитаси") икки томонлама ишлаб чиқишни тезлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясининг янги йўналишларини ишлаб чиқиш ва савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун тўғридан тўғри алоқаларни рағбатлантириш бўйича қўшма чораларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Ҳукумат раҳбарлари даражасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши доирасида ишбилармонлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ушбу чоралардан бири экани айтилади.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди, томонлар "ХХР-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўл йўлагидан фойдаланиш масаласида яқин ҳамкорликни давом эттиради.

Шунингдек, томонлар Марказий Осиё давлатлари орқали Хитойдан Европага мультимодал юк ташиш тизимида "Андижон-Ўш-Иркештам-Қашғар" автомобиль йўналишидан самарали фойдаланишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, томонлар келишилган автобус йўналишлари бўйича икки мамлакат ўртасида халқаро йўловчи ташишни қайта бошлашни тезлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Ҳудудий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича амалий чораларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий кўламда юзага келаётган масалаларга тезкор муносабат билдириш ва уларни ҳал қилишда ўзаро ёрдам кўрсатиш учун икки мамлакатнинг чегараолди вилоятлари раҳбарлари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик қилиш механизмини яратиш долзарблиги қайд этилди.

Ушбу масалалар учрашувдан кейин ўтказилган Ўзбекистон чегараолди вилоятлари раҳбарлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари кенгашининг 3-йиғилишида батафсил муҳокама қилинди. Унда делегациялар раҳбарларидан ташқари, Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари, Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги ҳукумат ваколатли вакиллари, шунингдек, икки давлат вазирликлари ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш доирасида минтақавий кун тартибини ҳисобга олган ҳолда кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш жиҳатлари батафсил ва ҳар томонлама кўриб чиқилди, шунингдек, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда устувор вазифалар белгилаб олинди. 

Минтақалараро фаол ҳамкорлик қилиш асосида инвестиция, савдо, тадбиркорлик ва маданий-гуманитар шериклик соҳаларида чегараолди ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Ўзаро манфаатлар кесишмасининг кенг доирасини ва иқтисодий кооперациянинг янги шаклларини ўрнатиш бўйича истиқболли ғоялар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, устувор тармоқларда саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш масалаларини кўзда тутган савдо-иқтисодий ҳамкорликни минтақавий даражада кенгайтириш бўйича икки мамлакат чегараолди вилоятлари маъмуриятлари томонидан алоҳида "Йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари кенгаши 3-йиғилишининг баённомаси имзоланди.

Top