15:57 / 10.12.2020
2835

ЕТТБ кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзбек тижорат банкларига қўшимча пул ажратиши мумкин

Жорий йилнинг 9 декабр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчи директори Ф.Малиж бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди. 

Учрашув давомида жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Кун тартиби доирасида томонлар Ўзбекистонда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ислоҳотларни муҳокама қилиб, ЕТТБнинг ушбу йўналишдаги ҳиссасини қайд этди.

Барқарор ва самарали банк тизимисиз хусусий секторни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг имкони йўқлиги тўғрисида фикр билдирилди.

Ушбу йўналишда ЕТТБнинг пандемия шароитида савдо ва лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча кредит линияларини ажратиш орқали Ўзбекистон тижорат банкларини қўллаб-қувватлашдаги муҳим роли таъкидланди.

Давлатнинг банк тизимидаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириш мақсадида Ўзбекистон банк секторида ислоҳотларни изчил амалга оширилишини таъминлаш ва замонавий молиявий технологиялар, операциялар, хизматларни жорий этиш мақсадида ЕТТБ билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари қайд этилди. Бу билан банк тизимининг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш имкони яратилади. Шунингдек, мамлакатдаги бир қатор тижорат банкларида давлат улушини хусусийлаштиришда ЕТТБнинг иштироки билан боғлиқ аниқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида ҳамкорликни кенгайтиришнинг бир қатор истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Хусусан, суғурта соҳасида янги суғурта воситаларини жорий этиш ва рақобатбардош экотизимни яратиш мақсадида суғурта компанияларини хусусийлаштириш бўйича биргаликдаги ишларни олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди.

Камбағалликни қисқартириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик ва ўрта бизнесга кўрсатилаётган молиявий, техник ёрдам ҳажмини ошириш учун шарт-шароитлар ўрганилди.

Музокаралар давомида ЕТТБнинг махсус дастурларини амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги сектори, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурларини молиялаштиришни ошириш истиқболлари қайд этилди.

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзбек тижорат банкларига қўшимча кредит, ЕТТБ савдо линияларини тақдим этиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари устида биргаликда ишлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Top