23:22 / 11.12.2020
5133

Тошкентда пандемия шароитида кузатилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди

Тошкент шаҳридаги Ҳилтон меҳмонхонасида Ўзбекистон Омбудсман институтининг 25 йиллиги ҳамда Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти нодавлат ташкилоти кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ва халқаро ташкилотларнинг кўзга кўринган вакиллари, хорижий давлатлар омбудсманлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда омбудсман фаолиятини рақамлаштириш, пандемия шароитида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг инновацион усуллари, бошқа давлатлардаги омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотларнинг экспертлари Ўзбекистондаги соҳага оид ўзгаришларни эътироф этган ҳолда қилиниши керак бўлган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ҳақида ҳам тўхталишди.

Улуғбек Муҳаммадиев

«Онлайн конференциямизни омбудсман фаолиятини рақамлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишнинг инновацион механизмлари муҳокамасига бағишладик. Бунга сабаб – пандемия сабабли дунё миқёсида жуда кўп муаммолар юзага келди. Яъни инсонлар ўртасидаги мулоқот, инсонлар ва давлат идоралари, ҳукумат ўртасидаги муносабатда мураккабликлар, [айрим ҳуқуқларни] чеклашлар юзага келди. Бу албатта кўплаб мамлакатларда аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди.

Бугун конференцияда фуқаролар мурожаати билан ишлашда рақамлаштиришнинг аҳамияти қандайлиги ҳақида сўз борди. Яъни пандемия шароити сабаб инсонлар ўртасидаги мулоқот чекланар экан, демак, улар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда турли идораларга мурожаат қилишда давом этиши, ўзларининг муаммолари, шикоятларни етказиши зарурлиги ҳақида фикр алмашдик.

Конференциямизда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг омбудсманлари иштирок этишди. Улар билан пандемия шароитида кузатилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимларини муҳокама қилдик», – дея омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбир давомида ЕХҲТ, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида меморандумлар имзоланди.

Йил давомида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаол иштироки учун бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари, жумладан, Kun.uz сайти таҳририятига ташаккурнома ва махсус нишон топширилди.

Top