08:32 / 14.12.2020
3488

Тиббий муассасаларда сув йўқлиги сабабли 1,8 миллиард одамга инфекциялар хавф солмоқда — БМТ

Фото: ТАСС

Дунёдаги ҳар тўртинчи тиббий муассасадан бирида сув таъминоти йўқ, ҳар учинчисида эса қўллар гигиенаси таъминланмаган. Бунинг оқибатида 1,8 млрдга яқин одамга коронавирус ва бошқа инфекцияларга чалиниш хавф солмоқда, деб айтилган ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг маърузасида

“Сув, санитария ва гигиена соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва беморлар хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга, бироқ бу хизматларга ҳар доим ҳам устувор аҳамият берилмайди”, деб таъкидлаб ўтилган маърузада. 

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесуснинг таъкидлашича, шифокорлар ва ҳамшираларнинг даволаш муассасаларида зарур гигиена бўлмаган шароитда ишлаши ҳимоя воситаларисиз ишлашига тенг кучлидир. Гебрейесуснинг эслатиб ўтишича, сув таъминоти, санитария ва гигиена коронавирусга қарши курашда асосий аҳамият касб этади ва дунёнинг энг кам ривожланган 47та давлатида бу соҳада ҳамон бўшлиқлар мавжуд. Маърузага кўра, ушбу давлатлардаги ҳар иккинчи тиббий муассасада ичимлик суви йўқ, ҳар тўртинчисида даволаш блокларида қўллар гигиенаси учун имконият мавжуд эмас, 5тадан учтасида эса таянч санитар хизмат йўқ. 

Шу муносабат билан ЖССТ ва ЮНИСЕФ сув таъминоти соҳаси, санитария ва гигиенага инвестициялар ҳажмини оширишга чақирмоқда. Бу хизматлар, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари, жумладан, ҳомиладор аёллар ва болалар учун муҳим ҳисобланади. Маъруза муаллифларининг фикрича, энг кам ривожланган давлатларда шифохоналарда ва тиббий пунктларда сув таъминоти муаммосини ҳал қилиш учун ушбу давлатларнинг ҳар бир фуқаросига бор-йўғи бир доллар сармоя қилиш талаб этилади.  

Top