00:07 / 16.12.2020
6529

Трамп сайловлар вақтида овоз бериш машиналари хатоликларга йўл қўйганини айтди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг таъкидлашича, АҚШда 3 ноябрда ўтган президент сайловларида овоз бериш машиналари ишида жиддий хатолар юз берди. Унинг айтишича, бу хатоликлар умуман олганда сайловлар натижаларига таъсир кўрсатган.

Фото: Reuters

Аввалроқ АҚШ президенти сайловларининг якуний натижалари маълум бўлганди. Барча 50та штатдан сайловчилар вакиллари халқ истагига кўра овоз беришди ва мамлакатнинг янги президенти сифатида Жо Байденни танлашди. Трамп овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилган барча тебранувчи штатларда ҳам Байденга овоз берилган. 

“Овоз бериш машиналарида катта муаммолар аниқланмоқда. Муаммолар шунчалик каттаки, асти қўяверасиз. Бу муаммолар ишончли ғалабани ҳам жиддий мағлубиятга айлантириши мумкин. Бироқ АҚШда бундай бўлмаслиги керак”, деб ёзган Трамп твиттерда. У бу ҳолатни “жиноят” деб атаган.

Амалдаги президентнинг таъкидлашича, Мичиган штатида овоз бериш машиналаридаги хатоликлар улуши 68 фоизни ташкил қилган. “Қонунга кўра, хатоликлар бир фоизнинг улушларидан ошмаслиги керак. Бу Мичиган штати давлат котиби қонунни бузганини англатадими?”, деб ёзган Трамп. 

Трампнинг овоз бериш машиналаридаги хатоликлар ҳақида ёзган барча твитлари ижтимоий тармоқ томонидан “баҳсли” деб белгиланган.  

Бу орада республикачиларнинг АҚШ конгресси сенатидаги етакчиси Митч Макконнелл демократ Жо Байденни ғалаба билан табриклаган.

“Сайловчилар ҳайъати ўз сўзини айтди. Бугун мен сайланган президент Жозеф Байденни табрикламоқчиман. Сайланган президент сенат учун бегона эмас, у умрининг кўп йилини давлат хизматига бағишлаган. Мен, шунингдек, сайланган вице-президент, ҳамкасбимиз, Калифорниядан сенатор Камала Харрисни ҳам табрикламоқчиман. Америкаликлар мамлакат тарихида биринчи марта аёл киши вице-президент бўлишидан фахрланишлари керак”, деб айтган Макконнелл.  

Аввалроқ сайловчилар ҳайъати Байденнинг президент сайловларидаги ғалабасини тасдиқлаганди. Байден сайловчилар вакилларининг 302 овозини, Трамп эса 232 овозини олган.

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top