15:22 / 17.12.2020
7926

АҚШда Кения фуқароси "11 сентябр услубида" теракт уюштиришни режалаштирганликда айбланмоқда

Айблов хулосасида айтилишича, у Қўшма Штатларда 11 сентябр услубида теракт амалга ошириш учун самолёт олиб қочишни мақсад қилган.

Фото: AP Photo / David Karp

АҚШда Кения фуқароси Чоло Абди Абдуллага нисбатан 2011 йил 11 сентябрдаги каби кўпқаватли бинога ҳужум уюштиришни режалаштирганлик айблови эълон қилинди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги хабар берди.

 Айбланувчи, 30 ёшли Абдулла 2019 йил июлда Филиппинда қўлга олинган ва декабрда АҚШга топширилган.

Чоло Абди Абдулла

Унга нисбатан терроризм билан боғлиқ жиноятларга оид олтита банд бўйича айблов эълон қилинди. Айблов хулосасида айтилишича, "у Аш-Шабоб террорчи ташкилоти жангариси сифатида фаолият кўрсатган ҳамда Қўшма Штатларда 11 сентябр услубида теракт амалга ошириш учун самолёт олиб қочишни мақсад қилган".

 Терговнинг таъкидлашича, Чоло Абди Абдулла 2016 йилда Филиппиндаги учувчилар мактабида ўқиган ва учувчи лицензиясини олиш учун имтиҳон топширган.

 "Тижорат самолётини олиб қочиш ва у билан Қўшма Штатлардаги бинога урилиш мақсадида Филиппинда учувчилик бўйича таҳсил олган", - дейилади Ню-Йорк жанубий округи бўйича прокурор вазифасини бажарувчи Одри Штрауснинг баёнотида.

 2001 йил 11 сентябрда террорчилар эгаллаб олган тўртта самолёт Ню-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази биноси ва Пентагонга йўналтирилган. Бир самолёт Питтсбург шаҳри яқинида қулаб тушган. Яна бир авиалайнер Вашингтондаги мудофаа вазирлиги биносининг ўнг қанотига урилган. Расмий маълумотларга кўра, теракт оқибатида Ню-Йоркда 2749, Вашингтонда 189 ва Питтсбургда 44 киши ҳалок бўлган.

Top