12:12 / 19.12.2020
9994

Коррупция ҳолати тўғрисида хабар бермаганлик ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Бош прокуратура томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Унга кўра, Меҳнат кодексида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чора кўрмаган, жиноят, шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш мажбуриятини бажармаган ходимга нисбатан жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари рўйхати (Меҳнат кодекси 100-моддасининг иккинчи қисми)ни янги банд билан тўлдириш назарда тутилмоқда. Унга биноан эндиликда ходим манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни кўрмаганлиги ҳамда жиноятга, шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар бериш мажбуриятини бажармаганлиги туфайли ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда манфаатлар тўқнашуви юзага келганда, давлат органлари ходимлари ўзларининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши кераклиги, бундай маълумотни олган раҳбар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 26-моддасига кўра, давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳолатлар тўғрисида, шунингдек, бошқа ходимлар томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилиши лозим. Ушбу моддада юқоридаги мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган.

Бироқ ушбу мажбуриятларни бажармаганлик учун қонунчиликда бирор-бир жавобгарлик белгиланмаган эди. Юқоридаги қонун лойиҳаси мазкур ҳолатни бартараф этиш, ходимлар масъулиятини янада ошириш, жамиятда жиноят, шу жумладан, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Top