08:51 / 23.12.2020
13485

Ucell абонентларга 97 миллион сўмдан ортиқ маблағни қайтариб берди — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги биргина истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш орқали (зарар 420 сўмни ташкил қилган) Ucell компанияси томонидан 337 975 нафар абонентнинг ҳуқуқлари бузилиб, уларга жами 97 432 379,33 сўм зарар етказилганлигини аниқлади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, истеъмолчига Ucell компаниясининг 1 октябрдан бошлаб абонент ҳисобидан 420 сўмни олиб қўйиши тўғрисида SMS хабар келган.

“Ҳа, бу миқдор аҳамиятли эмас, аммо истеъмолчи аниқлик киритишга қарор қилди – нега? Таъкидлаш муҳимки, Ucell абоненти, “Al-Chiroq” акцияси иштирокчисига, бу тармоқда атиги 84 сўмга дақиқаларни, SMS тўпламларни ёки интернет мегабайтларини тақдим этади. Бу хизмат неча кундан буён мавжуд эмаслигига қарамай, пул абонент ҳисобидан чиқарилди. Ўз навбатида, истеъмолчи pm.gov.uz сайтида мурожаат қолдиришга қарор қилди, унинг тафсилотлари Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўрганилди”, — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мазкур мурожаатнинг барча тафсилотларини аниқлаштириш мақсадида “COSCOM” МЧЖга хат юборган, натижада қуйидагилар маълум бўлган:

1. “Al-chiroq” акциясининг шартларига кўра, Ucell компаниясининг рўйхатдан ўтган абонентларида контент-провайдерлар томонидан махсус ишлаб чиқарилган “First IT-Group” МЧЖ мобил дастурида кунига 1 сўмдан кунлик абонент тўлови эвазига битта хизматни олиш имконияти мавжуд ва 2020 йил 25 августдан бошлаб акция учун кунлик абонент тўлови кунига 84 сўмни ташкил этади.

2. 2020 йил 30 сентябрда иш жараёнида ускуналарда носозлик келиб чиққан бўлиб, 2020 йил 5 октябрда контент-провайдер томонидан носозлик бартараф этилган. Мазкур носозлик туфайли компания абонентлари 2020 йилнинг 30 сентябридан 4 октябригача акция шартларида кўзда тутилган хизматлардан фойдалана олмаган.

Ушбу масалани ўрганиш давомида маълум бўлишича, мурожаат қилган шахс ҳисобидан ноқонуний маблағ ечилган ягона истеъмолчи эмас. Акцияда 2020 йил 30 сентябрдан 4 октябргача бўлган даврда 337 975 нафар абонент қатнашган, улардан жами 97 432 379,33 сўм миқдорида абонент тўлови ечиб олинган.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан муаммони ҳал қилиш жараёнида тизимдаги (2020 йил 30 сентябрдан 4 октябргача) ускуналар ишламай қолганлиги сабабли акция доирасида иштирок эта олмаган 337 975 нафар абонентнинг фойдаланилмаган хизмат кунлари учун маблағлари компания томонидан тўлиқ қайтариб берилди ва бу 97 432 379,33 сўмни ташкил этади.

Top