11:18 / 29.12.2020
15700

Шавкат Мирзиёев: «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим»

Ўзбекистонда бошқа тумандаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Президент парламентга мурожаатномасида педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

«Маълумки, муаллимлар ҳозирги вақтда эскича усулда ҳар 5 йилда малака оширади. Бундан буён уларнинг, «ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади.

Яна бир бор такрорлайман, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур.

Шу боис, ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошлаган ишларимиз келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 миллиард сўм йўналтирилади.

Шу билан бирга, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади», деди президент.

Top