16:36 / 01.01.2021
32700

Режасиз қурилишлар, импорт эҳтиёжи ва газ нархи. Энергетика вазири ўринбосари билан суҳбат

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган Сенатдаги чиқиши бўйича изоҳ берди. Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ишлар, кутилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

– 11 декабрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлисида берган ҳисоботингиз кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Йиғилишда жаҳон бозорида минг куб метр газнинг нархи 150 доллар, лекин уни халққа анча арзон нархларда етказиб бермоқдамиз деб айтгансиз. Бироқ суриштирувларимиз давомида бу нарх 100 доллар ва ундан камроқ эканлигига гувоҳ бўлдик. Сиз қайси манбаларга асосланиб жаҳон бозоридаги минг куб метр газ 150 доллар деб айтгансиз?

– Рухсат берсангиз, сўзимни мажлисда нима учун нарх ҳақида гапирганимдан бошласам. Чунки у ерда нега шунча пайтдан бери инфратузилмани янгиламагансизлар, нега бу нарсалар охирги 30 йилда яхши молиялаштирилмаган деган савол берилган эди. Шунда мен Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг тахминан учдан бири аҳолига берилиши, унинг нархи газнинг экспорт нархидан келиб чиқилгани, ҳозирги кунда газни 1500 сўмдан сотаётган бўлсак [экспортга], аҳолига 380 сўмдан етказиб берилаётганини айтгандим. Тафовут кўриниб турибди. Яъни газ йиллар давомида бозор нархида сотилмагани учун инфратузилма янгиланмай қолаверган.

Сенат кенгаши йиғилишида яна битта масала кўтарилган эди, бу ижтимоий тармоқларда ҳам кўп муҳокама қилинади. Яъни сенаторлар томонидан Ўзбекистонда аҳолининг ўзига газ етмай турган вақтда газни четга экспорт қилиш қанчалик тўғрилиги бўйича савол берилган эди. Олдинлари газ кўпроқ экспорт қилинганининг сабаби аҳолига сотилаётган газнинг нархи нисбатан арзон бўлгани учун экспорт эвазига қопланган. Бизда аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб ёндашилгани, давлат ҳамиша одамларни ўйлагани учун газ бойми, камбағалми ҳаммага 380 сўмдан сотилади. Нархдаги тафовут эса экспорт ҳисобидан қопланади.

Бизнинг газнинг нархи юқорида таъкидлаганимдек ўртача 380 сўмдан бўлади. Тўғри, Сенат кенгаши йиғилишида минг куб метр газнинг нархини долларда айтиб, хаёлан сўмга ўгирмоқчи бўлдим. Очиғини айтадиган бўлсам, бунақа катта йиғилишда биринчи бор бўлганим учун ҳаяжон бўлди, 1 куб метр газ нархи ҳақида гапираман деб 1,38 цент деб юборганман. Битта гапни тугатмай хаёлан бошқасига ўтиб кетганим учун тушунмовчилик келиб чиқди. Жаҳон бозорда 150 доллар деганим эса одатда ҳисоб-китоб бўлаётганда минг кубга ҳисобланади. Мен бир куб метр газ нархини айтаман деб бироз адашдим. Лекин 380 сўмни долларга конвертация қиладиган бўлсак, нарх келиб чиқади. 

– Яна ўша йиғилишга қайтамиз, берган ҳисоботингизда 2020 йил охиригача иқтисодиёт тармоқларида 28,4 млрд куб метр, аҳолига 11,4 млрд куб метр газ етказиб берилиши ҳамда суюлтирилган газнинг ҳажми 543,4 минг тоннага етказилиши режалаштирилган деб айтдингиз. Бу аҳолининг табиий газ ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжининг неча фоизини қоплайди?

– Олдинлари, тахминан 2010-2015 йиллардаги газлаштириш ҳолатини оладиган бўлсак, аҳолининг 20 фоизи суюлтирилган газдан фойдаланган, яъни газ тармоғига уланмаган. Қолган 80 фоизи газ билан таъминланган.

Газ тизимига уланган бўлса-да, айрим ҳудудларга техник шароитларга кўра газ етиб бормаган. Масалан, битта қувурни оладиган бўлсак, битта қишлоқ ёки туманга шу қувур орқали газ етказиб борилган. Қувур тортиб борилган пайтда у туманларда ишлаб чиқариш бўлмаган. Яъни катта улгуржи истеъмолчилар бўлмаган бўлиши мумкин. Шу сабабли, газ таъминотида муаммолар кузатилмаган. Бироқ тармоққа улгуржи истеъмолчилар ҳам улана бошлаганидан кейин туманнинг баъзи қисмларига газ тўлиқ етиб бормаган бўлиши мумкин. Ёки газ босими тушиб кетган.

Ўзбекистон бўйича шунақа аҳоли пунктлари аниқланиб, етиб бормагандан кўра уларни суюлтирилган газ ва кўмирга ўтказсак, йўқдан кўра газ етказиб берилади дея ўз пайтида қарор қабул қилинган. Ҳозирги пайтда тахминан 50 фоиз аҳоли хонадонлари, объектлар суюлтирилган газ ва кўмир билан, қолган 50 фоизи эса табиий газ билан таъминланган.

Энди яна бир нарсани инобатга олишимиз керак. Охирги 3-4 йилда бизнесга катта имконият яратиб берилаётгани ортидан аҳолига кетаётган қувурларга уланган улгуржи истеъмолчилар сони кўпаймоқда. Олдинлари тадбиркорларга ер ажратиш анча қийин бўлган бўлса, ҳозирда бу анча осонлаштирилди. Минглаб гектар иссиқхоналар қурилди, экспортни ошириш бўйича ҳудудларда ишлаб чиқаришлар очилди. Бизда керамика саноати ривожланмоқда ва буларнинг ҳаммаси газга асосланган. Яъни уларнинг маҳсулотларини тайёрлашда катта миқдорда газ ишлатилади.

Бундан ташқари, фақат Тошкентда эмас туманларда ҳам кўп қаватли уйлар қурилмоқда ва бу ҳам газга бўлган талабни оширди. Қишлоқ қурилиши дастури орқали қанчадан қанча уйлар қурилди. Ушбу уйларга ҳам, улгуржи истеъмолчиларга ҳам газ мавжуд қувурлар орқали етказиб берилмоқда. Яъни истеъмолчилар кўпайиб бораётган бўлса-да, марказий қувурларни кенгайтирмасдан мавжуд қувурларга уланган. Шу сабабли инфраструктура ҳозирги талабларга жавоб беролмайди. Истеъмолчиларнинг талаби ошиб бораётгани ва етказиб бериш борасида узилиш юзага келган.

Бундан ташқари, вилоят, шаҳар ва туманларнинг кўп йиллик ривожланиш режалари бўлмаган. Агар «генплан» бўлганида қайсидир бир вилоят ёки шаҳар бизга чиқиб, «режамизда шунча йилда шунча қурилиш, ишлаб чиқариш режалаштирилган, шунга яраша истеъмол ҳам 10 йил ичида ошади» деганида газ тизими ўшанга мослашган бўлар эди. Шунда, мисол учун, «2025 йилда шунча газ етказиб бера оламиз, шунга қараб режалаштиринглар, лекин 2025 йилдан ушбу ишларни амалга оширсак, ундан кейин газ етказиб бериш имконияти кўп бўлади», деб келишилмаган.

Мисол учун, масъуллар келишади, режа тузилиб мана шунча уй қурилади дейилади ва биз шундан кейингина реакция билдирамиз. Агар олдиндан мана шунақа режаларимиз бор дейилганда, келаётган қурилмалар ҳам шунга яраша модернизация қилинади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳозирда қайтадан кўриб чиқилмоқда.

Мана ҳозир ҳокимларга ҳам жуда кўп ваколатлар берилди, улар ҳам кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Олинган солиқларнинг бир қисми ўзларида қоладиган бўлгани учун улар ҳам кўпроқ ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Ҳокимларга раҳмат, бизга маълумотлар бериб туришибди.

– Сенатдаги чиқишингизда ҳам ривожланган давлатларни бекорга мисол қилиб келтирмаган эдингиз. Чунки уларда бу тармоқ аллақачон хусусийлашган ва шу сабабли инфраструктура анча яхши, тизимдаги муаммолар у ерда ҳал этилган. Бизда ҳам энергетика соҳаси қайсидир даражада хусусийлаштирилади деган гаплар чиққанди. Лекин шундан кейин бир янгилик эшитмадик. Нима учун бу хусусий қўлга, тадбиркорларга берилмаяпти?

– Тўғри айтасиз. Фақат бир нарсани инобатга олишимиз керак бундай катта тармоқни шошилинч тарзда хусусийлаштириш осон нарса эмас. Бунга пишиқ-пухта тайёргарлик қилишимиз керак. Барибир шунга борамиз. Чунки давлатнинг инсонларнинг ижтимоий ҳаётига аралашувини камайтириб боришимиз керак. Чунки бозор иқтисодиётида талаб ва таклиф катта рол ўйнайди.

Шунинг учун тармоқ хусусийлашадиган бўлса, инсонларнинг талаби ошгани сари етказиб берувчи ўша талабга жавоб беришим керак, кўпроқ газ етказиб беришим керак деб ўз инфраструктурасига кўпроқ пул тикади. Лекин бунга етиб бориш учун қонунчилигимизга керакли ўзгартиришларни киритиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини максимал даражада ҳимоя қилиб бериш, хусусий давлат шерикчилигига кириб келаётган компаниялар фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни тайёр қилиб беришимиз керак.

Тизимни алдамайдиган, нархни ҳадеб оширмайдиган тадбиркорлар ишлаши керак, чунки агар адолатсиз нархларни қўядиган бўлса охири барибир аҳоли жабр кўради. Шуни ҳисобга олишимиз керакки, бу тадбиркор фойда ҳам кўриши керак. Ўшанинг орасидаги мувозанатни топиб берувчи қанақадир норматив ҳужжат бўлиши керакки, сих ҳам кабоб ҳам куймаслиги керак. Ҳамма нарсада мувозанатга амал қиладиган тизим яратишимиз керак.

– Kun.uz’нинг Телеграм-каналида агар газ узлуксиз етказиб берилса, газ учун ҳозиргидан уч-тўрт баробар юқори тўлов қилишга рози бўлармидингиз деган мазмунда сўров ўтказилди. Юз мингга яқин киши ушбу сўровда иштирок этган. Шулардан 28 фоизи ушбу шартга розилигини билдирган. 54 фоизи йўқ деган жавобни берган. Қайсидир даражада узлуксиз газни сотиб олишга хоҳиш бор. Ўзингиз ҳам айтдингиз, 2025 йилга бориб барибир ушбу тизимга ўтилади. Бу нарх-наволарга қандай таъсир қилади?

– Ҳисобли дўст айрилмас деган гап бор. Авваламбор бу нарсаларни тизимда татбиқ қилиш учун аниқ рақамлар керак. Автоматлаштирилган, онлайн тизимда ишлайдиган ҳисоб юритувчи ускуналарни ҳамма тармоқларга қўйганимиздан кейин биз аҳолининг, бизнеснинг, ижтимоий объектларнинг реал истеъмолини ажратиб оламиз. Хусусийлаштиришнинг қонунларидан биттаси бу - бизнесмен бизнес режа тузади. Бизнес режани тузиш учун бозорни ўрганиб, рақамларни билиш керак. Аниқ рақамлар бўлса, инвестор ҳам шунга қараб молиялаштиради.

Давлат бу нарсани таклиф қиладиган бўлса ҳам худди шундай нарсалар керак бўлади. Инвесторга бир ҳудудни берадиган бўлса, ушбу ҳудуд бўйича аниқ кўрсаткичларни беришимиз керак. Қанча инвестиция қилинади, қанча фойда кўрилади ёки тендер қилинади мана шунча бизнес модели деса ким арзонроқ фойда билан шу ерни оламан деса, кимнинг иқтисодий имкониятлари бўлса шунга қараб берилади.

Ҳар қандай ислоҳотдан асосий мақсад – шаффофликни таъминлаш ҳисобланади. Инвесторни чақирмоқчи бўлсангиз, тизим шаффоф бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам рақамлаштириш жуда катта рол ўйнайди. Рақамлаштиришни тугатамиз, бизда аниқ рақамлар бўлади. Шунга қараб тақсимлаш, керак бўлса импорт қилиш, ўзимизнинг ҳудудда қазиб чиқарилаётган газ билан аҳоли тўлиқ таъминлаб, қолганини бизнесга берадиган бўлсак, уларга ҳам, буларга ҳам етади.

Масалан, бу йил аҳолига 11,4 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, аслида режадан кўп берилмоқда ва шунда ҳам етмаяпти. Ҳаво кескин совиб кетган кунлари кунига тахминан 10-15 млн куб метргача газ берилмоқда, шунда ҳам етмаяпти.

Шунинг учун ҳам кейинги йилга аҳолига 13 млрд кубометр газ етказиб беришни режалаштирдик. Ҳозир АСКУГ (газ таъминоти ҳисобини автоматик назорат қилиш) тизими анча олдинга кетди, 2021 йилнинг июл ойида ушбу тизимга тўлиқ ўтиладиган бўлса, сентябр ойида биллинг тизими йўлга қўйилса, истеъмол қилинаётган реал газнинг миқдорини аниқ биламиз, кейинги йил қиш мавсумига аниқ рақамлар ва тайёргарлик билан кириб борамиз.

– Демак, ҳозирги муаммоларнинг юзага келишига сизларда аниқ рақамлар мавжуд эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда, тўғрими?

Тўғри. Илгари тақсимот мавжуд ресурслардан келиб чиқиб амалга оширилган. Ҳозирда президент ҳам, бош вазир ҳам йиғилишларда ёндашувларни замонавийлаштириш ҳақида гапирмоқдалар. Бу йилдан озроқ ўзгариш бўлди, кейинги йилга катта режалар тузилмоқда. Иқтисодиётимизнинг талабидан келиб чиқиб ресурс билан таъминлаш талаби қўйилмоқда.

Керак бўлса импорт қилиб ва газ импорт қилар эканмиз деб ваҳимага тушиш керак эмас. Иссиқхоналар мисолида айтадиган бўлсам, помидор етиштиришга ихтисослашган бир гектар майдондаги иссиқхона бир мавсумда тахминан 355 минг кубометр газ ёқади. Бу иссиқхонадан ўртача 300 минг тонна помидор олинади. 300 минг тонна помидорнинг экспорти бир доллардан ҳисобласангиз ҳам 300 минг доллар бўлади. 355 минг кубометр газ 35 минг доллар атрофида бўлади. 35 минг доллар сарфлаб, чет элдан газ олиб келган тақдиримизда ҳам ишлаб чиқарилган маҳсулотни экспорт қиладиган бўлсак, 300 минг доллар Ўзбекистонга кириб келади.

Худди шу каби цемент ёки бошқа заводларга ҳам импорт қилиб таъминлаб берадиган бўлсак, қимматроқ бўлса ҳам менга етказиб бергин, ишлаб чиқариш имкониятимдан келиб чиқиб ишлаб чиқарай, мени қисқартирманглар деса, уларнинг талабини бажариш мумкин бўлади. Ҳозирги вақтда об-ҳаво кескин совуқ келган пайтда биз ишлаб чиқарувчиларга берилаётган газни қисқартиришга мажбурмиз. Улар ҳали ҳам кафолатланмаган мавсумий истеъмолчилар ҳисобланади. Аввало асосий мақсад – газни аҳолига етказиб бериш. Шунинг учун газ заправкаларини ўчирамиз, бошқа истеъмолчиларни камайтирамиз.

– Аммо ишлаб чиқарувчилар орасида электр таъминоти тўлиқ бўлмаётгани учун зарар кўраётганлар ёки газ йўқлиги учун зарар кўраётганлар бор. Агар электр энергияси ҳисобини автоматик назорат қилиш тизими 2020 йилнинг охиригача, газ таъминотини автоматик ҳисоблаш тизими 2021 йилнинг июл ойигача тўлиқ жорий этилса, шунда 2022 йилда сизларга қанча электр, қанча газ кераклиги бўйича тўлиқ маълумот бўлади, шундайми? 2022 йилда мана шу муаммолар бўлмайди деб халқни ишонтириб, узил-кесил айта оласизми?

– Муаммолар юз фоиз йўқотилади десам балки озгина адашарман. Лекин мен аминманки, бу йилга нисбатан муаммоларимиз анча камайган бўлади. Чунки кейинги йил ўзимизнинг олдимизга жуда катта режаларни қўйганмиз.

Бизда газ таъминоти билан энг танқис бўлган пайтда 3,5 млн абонент, яъни газ етказиб берилувчи хонадонлар бўлса, энг авжига чиққан пайтда тахминан 200 мингта хонадонга етказиб берилмаган бўлиши мумкин. Бу умумий истеъмолчиларнинг 7 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Умумий тарзда олиб қарайдиган бўлсак ижтимоий тармоқларда ўқисангиз ҳамма жойда шундай муаммо бор деб ўйлашингиз мумкин.

Тўғри, баъзи жойларга электр энергия етиб бормаётган бўлиши мумкин, баъзи жойларга газ етиб бормаётган бўлиши мумкин. Лекин умумий оладиган бўлсак, 70-80 фоиз жойларга газ нормал етиб бормоқда деб ўйлайман. Лекин ҳалиги айтган рақамларим, битта хонадонми, ўнта хонадонми ўша ерда одамлар яшайди. Ёши катта ёки чақалоқлар бўлиши мумкин. Виждоним олдида жавоб берадиган бўлсам, мен учун газ аҳоли хонадонига етиб бориши бизнес учун газ етказилишидан кўра муҳимроқ. Чунки бизнес тўхтаб турса фақат пулдан талафот кўриш мумкин. Лекин бу ерда одамларнинг соғлиғи бор. Қолаверса, беморлар, гўдаклар, ёши катта инсонларга уй совуқ бўлса қийин.

Шунингдек, одамлар қўлбола уйни иситиш воситаларини қўйганда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишмайди. Бу ҳам ўз навбатида талафотларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли, биз учун ҳозир энг муҳими аҳолининг ҳолати яхши бўлиши. Аҳоли, аҳоли ва яна аҳоли, шундан кейингина бизнес ва бошқалар бўлиши мумкин.

– Айни пайтда газ экспорти кескин камайтирилди. Давлат раҳбари ҳам табиий газ энг аввало ички бозорга, халқимизга етказиб берилиши кераклиги ҳақида тизим раҳбарларига топшириқ берди. Экспорт тўхтатилган бўлса ҳам нега ички бозорда эҳтиёж ҳали ҳам давом этиб, танқислик юзага келмоқда?

– Пандемия пайтида биз экспорт қиладиган давлатларда газ истеъмоли камайгани сабабли экспорт чекланган, уч-тўрт баробар камайган. Бунинг натижасида гази экспорт қилинаётган корхоналаримиз ўзининг газ қазиб олиш суратларини камайтирган. Ёз пайтида ҳеч кимда газ билан муаммо кузатилмайди ва асосан газга талаб кун совишидан бошлаб келиб чиқади.

Газ экспорт қилинмагани учун уни қазиб олиш ёз ойида тўхтатилган. Лекин келаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш натижасида чет эл корхоналари билан музокара олиб бориб, ишлаб чиқарилаётган газларни аҳолига йўналтириш режасида келишув амалга ошаган ва уларнинг ишлаб чиқариш суръатларини ошириб илгари пандемиядан олдинги суръатларга чиқариб, ҳаммаси иқтисодиёт ва аҳолига йўналтирилган.

Муҳтарам президентимиз йиғилишда экспортни йиғиштириб аҳолига беринглар деганларидан кейин экспорт минимал даражага олиб тушилди. Экспорт ҳақидаги саволга жавоб берадиган бўлсам, айтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида шарқий йўналишда экспорт қилинадиган газ қувурлари қурилган. Газ қувурлари қурилаётганда маълум мажбуриятларни ҳам олганмиз. Бу ҳам Ўзбекистонга даромад келтирувчи қувур, чунки Туркманистоннинг газини шарқий йўналишда ташишга имконият беради. Ташишнинг ҳам ўзига яраша тарифлари бор ва «Asiatrans» Ўзбекистонга анча даромад келтирадиган компания ҳисобланади.

Чет эллик ҳамкорлар билан келишилган ҳолда уларга маълумотини бериб, ҳамма газ ичкарига йўналтирилди. Ичкарига йўналтирилганидан кейин газ тарқатишимиз анча яхшиланди. Кунига қўшимча 3-4 млн куб газ тизимга кириб келишни бошлади. Лекин тизимдаги инфраструктурада чекловлар бўлгани сабабли битта қувурдан ҳам аҳоли, ҳам улгуржи истеъмолчилар фойдалангани учун агар улгуржи истеъмолчиларга чекловлар қўймасак, газнинг охирги нуқтагача етиб бориши анча қийин бўлмоқда. Лекин олдингига нисбатан анча енгиллашди.

Йиғилишда 2020 йилда жами электр-энергия ресурслари 71,1 млрд кВт-соатни, шундан ишлаб чиқариш 65,9 млрд кВт-соатни, импорт эса 5.2 млрд кВт-соатни ташкил қилганини айтгансиз. Шуни оддий тилда изоҳлаб бера оласизми?

– Электр тармоқлари ҳам ўзига яраша ўргимчак тўрига ўхшаган бўлади. Мисол учун, бир хил жойларимизда электр энергияни Қорақалпоғистондан Ўзбекистоннинг маркази ёки шарқий қисмига тортиб келгандан кўра, уни Қозоғистонга бериб, қўшниларимизнинг ўзимизга яқинроқ жойларидан Тошкентга ёки истеъмол каттароқ бўлган ҳудудларимизга электр энергияси олиб кирилади.

Совет даврида энергетика ягона тизим бўлган. Бу тизим анча йилдан бери ишлатилмаётганди. 2017 йилдан бошлаб президентимизнинг биринчи қадамлари қўшни давлатларга ташрифдан бошланди. Бу қилинаётган қадамларнинг биз энергетикларга яна бир фойдали тарафи қўшни давлатларнинг энергетика тизими билан интеграция яна тикланишига олиб келади.

Шунинг учун баъзида Қорақалпоғистонда кўпроқ энергия ишлаб чиқарилаётган бўлса Қозоғистонга берамиз. Фарғона водийси, Тошкент томонларга улардан оламиз. Шунинг учун мен ишлаб чиқариш электр-энергияда асосий кўрсаткич деб ҳисоблайман импорт ва экспорт доимо сузувчи-ўзгарувчи рақам. Чунки кимдандир олиб, кимгадир бериб турасиз. Шунинг учун кўпроқ ишлаб чиқарилган кўрсаткичларга аҳамият берсак яхши бўлар эди.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Тасвирчи: Абдусалим Абдувоҳидов

Top