22:39 / 04.01.2021
16814

Ўзбекистон Тожикистонда коронавирусга чалинганлар учун янги объект қуришни режалаштирмоқда    

Ўзбекистон Тожикистонда коронавирусга чалинганларни қабул қилувчи-тақсимловчи объект қуришни режалаштирмоқда. Янги объект Хатлон вилоятининг Кубодиён туманидаги тиббий марказ негизида қурилади.   

Объектнинг жиҳозланиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳисобидан амалга оширилади, деб хабар бермоқда Asia-Plus нашри.

Тожикистонда Ўзбекистон қуришни режалаштираётган объектнинг бугунги кунда муқобили йўқ ҳисобланади. Бу ерда ўрнатиладиган қурилмалар қисқа вақт ичида инсонда коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш ва вирус аниқланган беморларни малакали тиббий ёрдам олиш учун вилоятдаги шифохоналарга тезкорлик билан жўнатиш имконини беради.

Кубодиёндаги замонавий тиббий мажмуанинг қурилиши Ўзбекистон томонидан 2018 йил 2-ярмида бошланган эди ва режага кўра, 2021 йил баҳорига беморларни қабул қилиш учун тайёр бўлади.

Марказнинг қурилиши Ўзбекистон ҳукуматининг Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил мартда Душанбега ташрифи вақтида маъқулланган лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Ўшанда эришилган келишувлар доирасида, шунингдек, Ўзбекистон ҳисобидан Сўғд вилоятининг Спитамен туманида 2020 йил сентябрда 630 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб фойдаланишга топширилганди.

Тожикистон томони бунга жавобан Самарқандда 640 ўқувчи учун мактаб ва Фарғона вилоятида болалар боғчаси қуришини маълум қилган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top