16:41 / 06.01.2021
7158

Самарқанд вилоятидаги «Жартепа» чегара божхона пости экспорт-импорт юклари ҳаракати учун очилди

Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган Ургут туманида жойлашган «Жартепа» чегара божхона пости экспорт-импорт тартибидаги юкларни ўтказиш учун очилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур божхона пости орқали ҳозирча фақат халқаро юк ташувчи машиналар ҳаракатланиши белгиланган. Эндиликда Самарқанд вилояти ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари мазкур пост орқали ўз товарларини қўшни давлатга бемалол экспорт қилишлари ёки товарлар импортини амалга оширишлари мумкин.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси, «Жартепа» пости орқали жисмоний шахсларнинг ҳаракатланишига рухсат берилганида бу ҳақида қўшимча хабар берилишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, «Жартепа» чегара божхона пости коронавирус пандемияси тарқалиши ортидан республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрель куни қабул қилган 20-сонли йиғилиш баённомасига кўра ёпилган эди.

Ўтган давр мобайнида Тожикистонга фақат Тошкент вилоятидаги «Ойбек», Сурхондарё вилоятидаги «Сариосиё» ва Сирдарё вилоятида «Плотина» чегара божхона пости орқали экспорт-импорт тартибидаги юклар ўтказилган.

Top