17:51 / 07.01.2021
8437

Чироқ ўчгани туфайли Қаршининг бир қисми 2 кун сувсиз қолиб кетган. Соҳа масъуллари муаммо кўламини камайтириб кўрсатмоқдами?

Сўнгги кунларда об-ҳаво совиб кетгани ортидан келиб чиққан электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар туфайли Қарши шаҳрининг бир қисми қарийб уч кун давомида ичимлик суви таъминотисиз қолиб кетган. Соҳа масъуллари эса буни инкор қилмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳри аҳолисининг бир қисми 4-6 январ кунларида ичимлик сувисиз қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz шу масалада суриштирув ўтказди.

Воқеалар ривожи:

2021 йил 4 январ. «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати ўз тасарруфидаги Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Зеварда», «Жанубий Кемачи», «Жанубий Ўртабулоқ», «Денгизкўл», «Сомонтепа» сиқув компрессор станцияларидаги 14 та газ ҳайдаш агрегатлари авариявий ҳолатда тўхтагани ҳақида хабар берди.

Таъкидланишича, газ ҳайдаш агрегатларидаги авариявий ҳолатга нефт ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергия билан таъминлаб турган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга тегишли бўлган «Нефтчи 110/35/6 кВ» подстанциясида юзага келган носозлик сабаб бўлган. Хабарда юқоридаги конлар навбати билан ишга туширилаётгани маълум қилинган.

5 январ. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлагани ҳақида хабар берди. Оқибатда, энергетик қурилмаларга шикаст етмаслиги  учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва мамлакатимиздаги аксар электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилган.

Хусусан:

  • Тўрақўрғон ИЭСда қуввати 750 МВтдан 500 МВт гача;
  • Тахиатош ИЭСда 280 МВт дан 150 МВтгача;
  • Навоий ИЭСда 450 МВт дан 230 МВтгача;
  • Тошкент ИЭСда 370 МВт дан 180 МВтгача қувват камайган;

Шунингдек, Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ-қозон қурилмалари ҳам ўчирилган.

Оқибатда мамлакатимизнинг бир қанча туманларида автоматик равишда чекловлар киритилган. (Энергетика вазирлиги матбуот хизмати айнан қайси туманларда электр энергияси таъминотида чекловлар ўрнатилганини маълум қилмаган).

5 январ. «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблокни (жами 900 МВт) тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри, Китоб туманларида электр таъминоти тўлиқ узилганини маълум қилди.

Юқоридаги тўртта туманда чироқ тўлиқ ўчганидан сўнг Китоб, Шаҳрисабз, Косон, Қарши, Муборак туманларини қисман, Қарши шаҳрини эса тўлиқ сув билан таъминлайдиган Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлими тасарруфидаги сув ҳайдаб бериш насослари ҳам тўхтаб қолган. Оқибатда юқоридаги туманларда ва Қарши шаҳрида сув таъминоти муаммоси келиб чиққан.

Мазкур масала юзасидан «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ масъулларидан изоҳ олдик. Корхона ходими Рустам Абдуназаровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 5-6 январ кунларида Қарши шаҳрини сув билан таъминлашда муаммолар юзага келган. Аммо муаммонинг кўлами унча катта бўлмаган. Шаҳарнинг бир қанча мавзе ва даҳаларида, митти туманларида сув узатиш тўхтатилган. Аммо бу ҳолат узоқ давом этмаган.

«Қарши шаҳрини Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлимига қарашли насослар сув билан таъминлайди. 5-6 январ кунлари электр таъминотида узилишлар бўлганда ана шу насосларнинг бир қисми тўхтаб қолгани бор гап. 5-6 январ кунларида жами 59 та насосдан 30 таси вақти-вақти билан ишламади. Насослар жойлашган Шаҳрисабз туманида 5 январ куни 2 соат, 6 январ куни 4 соат чироқ бўлмади. Чироқ ўчган вақтда Қарши шаҳридаги сув таъминоти узилган ҳудудларга автомашиналарда сув етказиб бериб турдик. Бугун, 7 январ куни барча муаммолар бартараф этилди. Насослар тўлиқ ишга туширилди. Ҳозир Қаршидаги барча истеъмолчиларга сув етказиб бериляпти», деди Рустам Абдуназаров.

Рустам Абдуназаровдан чироқ ўчиб қолганда қувурлар ичида оқишдан тўхтаган сув музлаб қолмайдими деб сўраганимизда, у қувурлар ер остида чуқур кўмилганини, қолаверса, насослар олдида ҳовузлар борлигини ва турли сабаблар билан бирга насосларга сув келиши тўхтаб қолганда захирадаги сувлар узатилиб берилаверишини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлими Қарши шаҳрини тўлиқ сув билан таъминлайди. Ҳовузлардаги захира сувлар етказиб берилгани учун Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида чироқ ўчганда сув таъминоти билан боғлиқ муаммо Қарши шаҳрининг бир қисмида юзага келган.

Шундан сўнг, Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан боғланиб, сўнгги кунларда ушбу туманларда неча соат электр таъминоти узиб қўйилгани билан қизиқдик. Улар 4-5-6 январ кунларида Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларида сутка давомида 10 соат атрофида чироқ бўлмаганини айтишди. Китоб ва Яккабоғ тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳолат аянчли кўринишга келгани учун туман ҳокимлари аҳолига махсус мурожаат билан чиқишга мажбур бўлишганини ҳам билдирди.

Китоб туман ҳокимлиги мутасаддиси ҳозир муаммони бекитиб ўтиришдан қуйи бўғин учун ҳеч бир наф йўқлигини, шу учун муаммони бор бўйича кўрсатавериш кераклигини билдирди.

«Сўнгги кунларда чироқ ва газ таъминотида келиб чиққан узилишлар ортидан кўпроқ Қашқадарё вилоятидаги Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри, Китоб туманлари аҳолиси жабр кўрганини барча билиб ўтирибди. Буни бекитишдан ҳеч қандай наф йўқ. Шу учун ҳам Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ сўнгги кунларда электр энергияси таъминотида келиб чиққан муаммоларни беряпти. Қолаверса, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қашқадарёнинг тўртта тумани ва Шаҳрисабз шаҳрида чироқ тўлиқ ўчирилганини маълум қилди. Шундай экан, муаммонинг кўламини яширишдан наф йўқ. Аксинча, уни борича кўрсатавериш керак. Ана шунда юқори ташкилотлар тезроқ эътибор беради», деди у.

«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ходими бизга юз берган муаммони камайтириб кўрсатяптими ёки тўғри гапирдими билмаймиз. Аммо Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ тумани ҳокимликлари мутасаддиларининг маълумотларига кўра, бу туманларда чироқ 5 январ куни 2 соат, 6 январ куни 4 соат эмас, 10 соатдан ошиқроқ вақтга ўчган. Қолаверса, юқорида Китоб тумани ҳокимлиги мутасаддиси айтганидай, муаммони бекитишдан ёки камайтириб кўрсатишдан наф йўқ. «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ҳам шуни тушуниб турибди деган яхши гумондамиз.

Top