08:00 / 12.01.2021
14606

Метро вагонида ноодатий ҳаракатларни намойиш этган ўспирин бўйича расмий маълумот берилди

«Инстаграм» ва «Телеграм» ижтимоий тармоқларида Тошкент метросида ўспириннинг вагон юқоридаги ушлагичларига оёқлари билан осилиб туриб, ғалати овоз билан бақираётгани тасвирланган видео тарқалди.

«Тошкент метрополитени» УК хабарига кўра, тергов жараёнида улар 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. экани, Юнусобод туманидаги 105-мактабда ўқиши ҳамда ушбу ҳаракатни «Инстаграм» ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасини ривожлантириш, обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида амалга оширгани аниқланди.

Улар билан Ички ишлар вазирлиги Метрополитендаги хавфсизлик бошқармаси вакиллари, пойтахт метрополитени маъмурияти, шунингдек, 105-мактаб маъмурияти ва ота-оналар иштирокида тушунтириш суҳбати ўтказилди. Мазкур ҳолат бўйича иш қўшимча кўриб чиқиш мақсадида ҳудудий (яшаш жойидаги) вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимига ўтказилди.

Ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 115-моддасига биноан чора кўрилади.

Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида белгиланган ниқоб режимига риоя қилмай, қоидаларни бузгани учун ҳам жавобгарликка тортилади.

Метрополитен раҳбарияти йўловчиларни огоҳликка чақириб, улардан метро хизматларидан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраган.

Top