12:03 / 27.01.2021
18713

«Яллама» божхона постида товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.

Тадбир давомида Хитойдан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона пости орқали ўтиши жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирда гуруҳ аъзоларига тегишли бўлган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 6та манзилда тинтув тергов ҳаракатлари амалга оширилди. 

Натижада, улардан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида гуруҳ фаолиятига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Top