20:00 / 05.02.2021
5062

Ўзбекистонда фан жамиятлари ташкил қилинмоқда. Уларнинг вазифалари маълум қилинди

Илмнинг муайян йўналишига дахлдор бўлганларни бирлаштириш, шу йўналишдаги янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва йўналтиришни мақсад қилувчи фан жамиятлари ташкил қилинади.

Ўзбекистонда 2021 йилда астрономия, кимё, зоология, филология, археология, жарроҳлик сингари 21та йўналишда фан жамиятини ташкил қилиш режалаштирилган.

Ҳар бир жамият шу соҳадаги етакчи илмий-тадқиқот институти ёки илмий-амалий марказ қошида ташкил топади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова фан жамиятлари жаҳон тажрибасида кенг тарқалган амалиёт эканини қайд этди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Ҳозирда жаҳонда 35га яқин мамлакатда турли йўналишларда 800тадан фан жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда биология, социология, математика, тарих, физика соҳаларида 10тадан ортиқ фан жамиятлари мавжуд.

Ўзбекистонда 38 мингга яқин илмий ходим илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Улар орасида ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фанни янги босқичга олиб чиқиш, илмий салоҳияти ва малакаси юқори бўлган фан вакилларини кўпайтириш мақсадида фан жамиятларини ташкил қилиш режалаштирилган», – деди Турдиқулова.

Илм-фан ва илмий техникавий тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажоновнинг тушунтиришича, фан жамиятлари фан намояндалари, етакчи олимларининг соҳадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Ҳозиргача ҳам Ўзбекистонда фаннинг муайян йўналишларида жамиятлар мавжуд бўлган. Эндиликда улар янги форматда ташкил қилинади. Улар нафақат фан соҳасидаги нуфузли олимлар, илмий даражаси борлар, балки шу йўналишга дахлдор ва қизиқиши бўлган, унинг ривожланишида ўз ҳиссасини кўра оладиган барчани бирлаштириши керак. Яъни жамиятга қўшилиш учун илмий даража билан боғлиқ тўсиқ йўқ.

Фан жамиятлари ўз соҳасининг салоҳиятли илмий ташкилотлар қошида ташкил қилинади. Бу ташкилотлар жамият учун керакли шароитлар, инфратузилма билан таъминлаши керак бўлади.

Шунингдек, фан жамиятлари ташаббускор ғояларни рўёбга чиқаришга ёрдамчи бўлиши лозим. Йўналишнинг етук намояндалари ёш кадрларнинг ғояларини эшитиши ва тўғри йўналтириши лозим», – деди бошқарма бошлиғи.

Top