11:31 / 09.02.2021
14545

«Ёмон шароитга мослашиш эмас, уни ўзгартириш керак» — хориждан қайтган физик билан суҳбат

Физика-математика фанлари доктори Умид Халилов Kun.uz'нинг «Илм-фан суҳбатлари» рукнига берган интервьюсида Бельгиядаги 12 йиллик ҳаёти ва илмий изланишлари, Ўзбекистонга қайтиш сабаблари ва илмий лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.

Умид Халилов / Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда узоқ вақт илм-фанга эътиборсизлик туфайли кўплаб ватандошларимиз ўз илмий карьерасини чет элда қуришди.

Бугун дунёнинг нуфузли илмий масканларида ватандошларимиз кўплиги қувонарли. Шу билан бирга, уларни Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш ва замонавий илмий мактаблар ташкил қилиш жараёнига қайта жалб қила олиш осон эмас.

Юртга қайтиб, бу ердаги илм-фан юксалишига ўз ҳиссасини қўшаётган олимлардан бири – физика-математика фанлари доктори Умид Халиловдир. Олим ҳозирда ЎзФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти етакчи илмий ходими сифатида ишлаб келмоқда.

Умид Халилов Kun.uz'нинг «Илм-фан суҳбатлари» рукнига берган интервьюсида Бельгиядаги 12 йиллик ҳаёти ва илмий изланишлари, Ўзбекистонга қайтиш сабаблари ва илмий лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилди.

— Умид ака, яқинда фан доктори илмий даражасига диссертация ёзмасдан муносиб кўрилдингиз. Кўпинча ҳимояолди жараёнларини бошдан ўтказган олимлар кўпгина вақт ва қоғоз исроф бўлишини айтишади. Сизда бу қандай кечди?

— ЎзФА Электроника (ҳозирги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти)да ишлаб юрган кезларим, илмий тадқиқотимни давом эттириш учун 2009 йилда Бельгияга кетгандим. У ердаги Антверпен университетида 12 йилга яқин вақт илмий фаолият билан машғул бўлдим. Шундай бўлса-да, институт билан алоқани доим сақлаб келганман, ҳамкорликни узмаганмиз. Бу даргоҳдаги устозлардан маслаҳатлар олиб турардик.

2013 йилда Антверпен университетидаги PhD ҳимоямдан кейин, албатта, ҳамма қатори фан докторлиги ҳақида ўйлаб юрардим. Тошкентга келганимдан сўнг шундай бир имконият туғилдики, диссертация ёзмасдан ҳимоя қилиш мумкин. Шарти – юқори импакт-факторли журналларда чиққан мақолалар ва улар кўрсаткичи 1дан юқори бўлиши лозим. Бу бизга жуда маъқул тушди, сабаби хорижда мақола ёзиб чиқариш осонмас, бу диссертациянинг бир қисмидай гап.

Илмий ғояларимни мақолалар шаклида илмий жамоатчиликка тақдим этиб келардим. Scopus базасида чиққан мақолаларим сони 12тадан кўп эди. Мақолаларимдаги ўртача импакт-фактор 7,47 чиқди ва ижобий хулоса берилди.

Шундан кейин мақолаларимдаги тезисларни ўзбекча, тушунарли ҳолатга келтириб, маъруза қилишга тайёрландик.

Қоғоз масалалари ростан ҳам бор, кўпчилик шу қоғоз ишлари сабабли ҳам докторлик қилишдан қочaди. Лекин, ОАК томонидан ҳам таъкидлаб айтилдики, келажакда бу нарсалар босқичма-босқич қисқариши керак.

— Бельгияда қилган илмий ишларингиз мазмуни нималардан иборат? Ва Ўзбекистон учун долзарблиги нимада?

— Мен тадқиқ қилаётган соҳа нанотехнологияга оид бўлиб, наноматериаллар синтези, яъни наноматериаллар олиш билан шуғулланаман. Нано дегани, оддий тушунтирганда, метрни миллиард бўлакка бўлсангиз, шулардан биридан нано келиб чиқади.

Мен қиладиган иш ўша ўлчамдаги структураларни ўстириш ҳисобланади. Бу, албатта, қўл билан ёки бирор бир механизм билан бўладиган иш эмас. Бунга молекула нуқтайи назаридан қараш керак. Биз молекула функцияларини ўрганиб, уларни бошқариш асосида структура қуришга ҳаракат қиламиз.

Буни Ўзбекистонга фойдаси ҳақида гапиришдан аввал унинг дунёдаги аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтиш керак. Маълумки, кремний технологияси шу вақтгача замонавий технология тараққиётида муҳим ўрин тутиб келган. Чунки компьютер, телевизор, уяли телефон ва шунга ўхшаш ҳаётимизга киришиб кетган қурилмаларнинг асоси бўлган транзисторларнинг ишлаб чиқарилиши бевосита шу технологияга алоқадор.

Транзисторларни кичрайтириш орқали қурилмада уларнинг сонини оширамиз ва бу қурилманинг янада кучайишига сабаб бўлади. Миниатюризация шу даражада критик нуқтага етдики, кремний технологияси транзисторларни ундан зиёд кичрайтиролмай қолди. Яъни транзисторларни бундан зиёд кичрайтириш улар асосидаги қурилмалар фаоллиги учун самарасиз бўлиб қолди.

Нима қилиш керак? Жуда кўп муқобил вариантлар кўриб чиқилди. Шулардан бири – углерод нанотехнологияси. Мен айнан мана шу углерод нанотехнологияси бўйича тадқиқотлар олиб бораман. Яъни углерод наноматериаллари миниатюризацияси билан шуғулланаман. Улар синтезини бошқариш орқали наноқурилмалар қувватини оширишни кўзлаяпмиз. Бу аслида бутун дунёда кетаётган технологик жараён ва мен қилаётган иш бу занжирнинг бир ҳалқаси, десам ҳам бўлади.

Аниқроқ айтадиган бўлсам, мен бу технологик жараёндаги экспериментларга ёрдамчи, уларга ғоя берувчи компьютерда (жараёнларни) моделлаштириш билан шуғулланаман. Бу соҳа фақат Ўзбекистонда эмас, дунёда янги соҳалардан бўлиб, нафақат нанотехнологияда, балки иқтисодиётнинг бошқа секторларида (жумладан, қишлоқ хўжалиги, курилиш, нефт-газ, медицина ва бошқа) эҳтимолий молиявий йўқотишларни прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда жуда муҳим ўрин тутади.

— Компьютер моделлаштириш иш фаолиятимизга қанчалик енгиллик беради?

— Ўзбекистонда Марказий Осиё компьютер моделлаштириш илмий марказини очишни режа қилганмиз. 2017 йилдан буён бу ғоя устида гуруҳ бўлиб ишлаб келяпмиз. Компьютер моделлаштириш нима дегани? Чапани қилиб тушунтирганда, унда қишлоқ хўжалиги, қурилиш саноати ёхуд иқтисодий жараёнларми – барчаси моделлаштириш усули билан тегишли қонуниятлар асосида таҳлил қилинади, эҳтимолий хавф ва ўзгаришлар кўриб чиқилади.

Дейлик, нефт-газ соҳасида қарасак, қувурнинг қаерида кучланиш кўпаяди, қувурларнинг чидамлилиги, емирилиши, нефтнинг қувур деворида ишқаланиши, қаерда ёрилиш хавфи юқорилиги моделлаштириш орқали аниқланади.

Ёки Сардоба воқеасини қарасак, агар бизда моделлаштириш гуруҳи бўлганда эди, қуришдан аввал уни моделлаштирган, қайси қисми заиф бўлиб қолиши мумкинлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланган бўларди.

Моделлаштириш биринчи навбатда иқтисодга жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, моделлаштириш асосида уй қурсангиз қайси қурилиш материалидан қанча ишлатиш кераклиги, сув сатҳи, ер рельефининг ҳолати, борингки, шамол йўналишларигача ҳисобга оласиз. Яқинда Жиззахда қулаган кўп қаватли бино моделлаштирилса, бугунги аянчли ҳол ва иқтисодий зарар бўлмасди.

Шу билан бирга айтиб ўтиш муҳимки, моделлаштириш оддий шахсий компьютерда бажариладиган иш эмас. Бунинг учун суперкомпьютерлар мажмуаси керак бўлади. Қолаверса, бир-икки киши эмас, бу ишлар илмий гуруҳлар томонидан бажарилади.

Тасаввур қилинг, бир уй компьютерлар мажмуаси. Мен Германиянинг Юлих шаҳрида худди шундай – бутун бошли кўп қаватли уйдан иборат компьютерлар мажмуасини кўргандим. Бу жуда қиммат деб ўйлашингиз мумкин, аслида, унинг нархи иқтисодга келтирадиган фойдаси олдида жуда арзон ҳисобланади.

— Бу борада Ўзбекистондаги ишлар ва илмий ҳамкорлик қай ҳолатда?

— Ўзбекистонда бу жараёнлар жуда тарқоқ ҳолда, ҳар ким ўзича, ҳар бир илмий гуруҳ ўзи қайсидир томонларини ўрганади. Ўзбекистонга қайтганимдан кейин сўнгги вақтларда билдимки, 2та илмий гуруҳ негадир бир-бири билан қўшилиб ишлагиси йўқ, негалигини тушуна олмадим.

Мен яқинда каттароқ илмий лойиҳа қилиб илмий гуруҳларни жалб қилмоқчи бўлдим, лекин охир-оқибатда лойиҳани биттагина гуруҳ топширадиган бўлдик. Агар кучларни бирлаштирадиган бўлсак, катта самара беради, деб ҳисоблайман. Бирлашиш дегани фақатгина бирга ўтириб ишлаш эмас, балки бир ғоя устида фикрларини, ўз йўналишига доир ечимларини улашиш деб тушунса бўлади.

Хорижнинг етакчи давлатларида бир масала қўйиладиган бўлса, илмий гуруҳлар имкон даражасида бирлашишга ва муаммони бўлишиб олиб ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Тараққиёт ҳам бирлашишда, аслида.

— 12 йил ичида Ўзбекистонда илмий соҳада нималар ўзгарганини кўрдингиз?

— Биринчи навбатда, илмга ажратилаётган маблағ кўпайган. Мен аспирантлар ётоқхонасида 8 йил оилам билан яшаб, барча қийинчиликни бошдан кечирганман. У вақтда ётоқхона атрофида илмий ходимларга тегишли бирорта ҳам машина кўрмаганман, хаёлимга ҳам келмасди. Бугун эса бемалол илм қилиш мумкин, маош юқори.

Иккинчидан, чет элга чиқиш имконияти кўпайди. Бельгияда бўлиб турганимда, кўплаб олимларимиз 2–3 ойлик стажировкага борганини кўрдим. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам ғояларни хориж билан ҳамкорликда қилинглар, деяпти. Бундан фойдаланиш керак, холос.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бундан ўн йиллар олдин ва ҳозир ҳам одамларда яхши ойлик тўлашганда эди, зўр ишлаган бўлардик, деган тушунча мавжуд. Ўзим мисолимда айтиб бераман, Бельгияга бордик, ойлик ҳамма нарсага етади, озиқ-овқатдан тортиб кийим-кечаккача бор, ортиқча ўйлов йўқ. Лекин барибир иш унумим паст, кам ишлаяпман. Нимага? Чунки ўзимизни ўзимиз алдаб юрганмиз, дангасалигимизни тан олмаганмиз. Мен шуни тушундим. Ўзим учун хулосалар чиқардим.

Тўғри, Ўзбекистонда етишмовчилик бор, лекин дангасалик бўлар экан, қанча пул ажратса ҳам етишмаяпти, дегувчилар топилади.

Узоқ вақт ривожланган давлатда юриб, кейин Ўзбекистонга келсангиз, кўп камчиликларни кўраркансиз, кейин одамларга айтсангиз, улар ўрганиб қолгани учун ҳечқиси йўқ, сен ҳам мослашиб кетасан, дейди. Айнан энг ёмони мослашиб кетиш, инсон бир шароитга, агар у ёмон бўлса, мослашиши керак эмас. Ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда.

Ҳар куни-кунора мажлисга чақиришдан ёки менга иш режангизни, натижангизни беринг, деб ҳар ҳафтада сўрашдан нима маъни бор? Ундан кўра мақолангизни беринг десин, шунинг ичида ҳаммаси бор.

Чет элда эса 9дан 5гача иш, келиш-келмаслик мажбурий эмас, икки ҳафтада бир мажлис бўлади, шунда пичоққа илинадиган бир нарса айтолмасангиз, тамом, сиз билан шартномани узайтиришмайди. Яъни ишнинг сифати муҳим.

Биз шаклга, ҳужжатбозликка кўп эътибор берамиз. Бино қураётганда, унинг ичида одамлар бўлиши, илмли бўлиши иккинчи ўринда; муҳими бино чиройли бўлсин. Ёки янги лаборатория қурилса, унга чет элдан жиҳозлар бўлиши керак, лекин ишлатилиши шартмас, текшириш келса, кўрсатиш учун турса бўлди. Кераксиз қиммат аппаратдан керакли арзони афзал, кўп нарсаларда оддий ечим бор. Фақат шунга хоҳиш бўлиши керак.

— Илм – пул – сармоя – тараққиёт. Шу занжир ҳақида қандай фикрдасиз?

— Илм билан шуғулланишни бизнес деб тасаввур қилсак, унда ғоя ва янгиликларимизни қандай сотишни ҳам билишимиз керак. Масалан, илмий ғоямиз бор дейлик, агар у пул олиб келмаса, у ғоялигича қолиб кетаверади.

Олимнинг ғоясини реклама қиладиган энг яхши йўл бу – мақола. Мақолани журналларга бериш ва берганда юқори импакт-фактори бор журналларга бериш унга, албатта, яхшигина лойиҳа олиб келади. Ғоя яхши бўлса, унинг харидори топиб келади.

Агар жамият ҳаётини енгил қилишга йўналтирилган ғоялар берсангиз, яъни ишлайдиган ғояларни берсангиз, у албатта пул ва сармоя олиб келиши керак. Бу эса ўз навбатида жамиятнинг тараққиёти учун хизмат қилади.

— Монополия ва илм. Илмда ҳам монополия бўладими?

— Монополия доимо тараққиётга қаршилик қилган. Рақобат бор жойда ҳамма нарса ривожланади, монополия эса рақобатни ўлдиради. Шу жумладан, илмда ҳам рақобат керак. Бошқа илмий гуруҳларни тан олмаслик, бир олим ёш кадрни менга муаммо туғдиради, деб ёнига йўлатмаслиги, унга тўсқинлик қилиши илмда бўлиб турган монополиянинг кўринишларидан.

Бирор илмий гуруҳ ёки олим бир мавзуни фақат ўзим ўрганаман деса, илмни монополия қилиб оладиган бўлса, ўсиш ҳам бўлмайди. Юқорида ҳам айтдим, нега иккита гуруҳ бирга ишлашни хоҳламайди, мен ишлаётган соҳага у аралашмасин дейди. Бу ҳам монополиянинг кўриниши-да.

Агар тенг кучли иккита рақобатчи бўлса, бу ҳам ривожланишга, ҳам нархлар тушишига олиб келади. Масалан, нега ҳозиргача Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқариш компанияси танқид остига олинади. Нархлар юқори, рақобат йўқ. Мен Бельгияда Wolkswagen миниб юрардим, қайтаётганимда 700 долларга сотиб келдим. Бу ерда-чи, ўша пулга машина ололмайсиз. Рақобатчи унсурлар бўлмагани учун шундай. Илм ҳам рақобатга очиқ бўлиши керак.

— Сиз учун илм ва олимлик нима?

— Илм мен учун Яратгандан омонат. Ана шу омонатни ҳис қилган ва унга хиёнат қилмайдиган инсонни олим деб ҳисоблайман.

 — Бельгияда ўтган 12 йил сиз ва оилангизга нима берди?

— Бу ўтган даврда жуда катта нарса олдим. Биринчидан, дангаса эканимни англадим. Иккинчидан, менга илм қилиш учун шароит берилди. У ерда худди балиқ океанда сузгандек яшадим. Дейлик, Японияда конференция бўляпти, хабар берилгандан кейин маблағ ва бошқа шароитлар тўғрилаб бериларди, ўша пайтда Ўзбекистондан боришни тасаввур қилолмасдим.

Учинчидан, энг муҳими, ўзимга бўлган ишончни топдим, мен мана шу ишончни йўқотиб қўйгандим, мендан олим чиқмайди, деган фикрга ҳам борганман.

Энди оилам ҳақида айтсам, фарзандларим дунёқараши кенг бўлиб келди, улар қишлоқнинг бир чеккасида яшаса ҳам, Нью-Йоркда яшаса ҳам кўникадиган даражага етишди.

Улар яна шуни билишдики, илми кучли бўлиши учун Ҳарвардда ўқиши шартмас, қаерда бўлса ҳам чин дилдан ўқиса ва доимо олдинга интилса, яхши мутахассис бўлиши мумкинлигига ишонишди. Кўпроқ менинг ҳаётимга ҳам қарашади, мен Термиз давлат университетини битирганман.

Ундан ташқари, шундай хулосага келдимки, хорижда мусофирчиликда юрганимиз бизга ўзлигимизни англашга ёрдам берган экан. Бир қизиқ воқеани айтиб бераман. Қизим Бельгияга кетаётганда ҳали мактабга бормасди. Қайтганда эса мактабни битириб бўлганди, унда ўзбек тили бўйича муаммолар бор, биз уйда гаплашганимиз билан унга етарли бўлмади.

Ўзбекистонга келиб ўзбекчани яхшироқ ўрганиши учун курсга қатнаяпти, изоҳли луғат керак бўлиб қолди. Китоб дўконга борсам, Ўзбек тилининг изоҳли луғати кириллчада. У ҳали кириллча ёзув тугул ўзбек тилини яхши билмаяпти, бу луғатни ўқиш учун кириллни ўрганиши керакми?! Кейин сотувчидан сўрадим:

– Бу китобни менинг отам ҳам, мен ҳам ўқимаймиз, кимга чиқарилган бу? — десам, «Ёшларга», деди.

– Лотинча графикада ўқитилаётганига қанча бўлди? – дея сўрадим.

– Бизга нима дейсиз, биз чиқармаганмиз-ку, – дейди.

Қизим: «Наҳотки, улар ҳатто мактабда лотин графикасида ўқиётган фарзандларини ўйлашмайди», деб жуда ҳайрон бўлганди ўшанда.

— Қачондир биз ҳам кенг миқёсда илм ишлаб чиқарувчи миллатга айланамизми?

— Аждодларимиз қанақа эди-ю, биз қандаймиз. Бир ҳикоя эсга тушади. Товуқ бургутнинг тухумини очиради ва товуқ босган тухумдан чиққан бургут товуқлар билан қўшилиб юраверар экан, осмонда бургутлар учганини кўрса, ёнига келиб товуқ айтарканки, сен улардай бўлолмайсан. Демоқчиманки, биз бургутлигимизни унутиб қўйдик.

Маълум муддат мустамлака бўлганимиз, қолаверса, шу пайтда динимизни ва ўзлигимизни йўқотиб қўйганимиз ҳам сабаб бўлган. Агар халқимиз ўнгланса, яна ўз ихтирочилигини қилиб кетади.

Афсуски, бизда китоб ўқиш масаласи орқада қолди. Яқинда Хитойга борганимда ҳам кузатдимки, одамлари китоб, газета ўқийдими ёки бошқа нарса, лекин вақтини бекорчиликка сарфламайди. Нафақат Хитойда, ҳамма ривожланган давлатларда шунга гувоҳ бўлганман.

— Келажак режаларингиз.

— Ҳозир янги бир лойиҳамиз бор, шунга ёшларни жалб этяпмиз. Материалшуносликда моделлаштириш бўйича иқтидорли бакалавр ва магистрларни ҳамкорликка чақираман. Улар магистр ҳимоясидан сўнг PhD даражаси олиш бўйича илмий изланишларини давом эттиришлари мумкин, шунингдек, улар орасидан танлаб олинган PhD талабалари билан келажакда Европа давлатлари билан ҳамкорликда double-PhD тайёрлаш режалаштириляпти.

Иштирокчилар қуйидаги таянч билимларга эга бўлиши муҳим: математика, физика, кимё, дастурлаш тили ва инглиз тили. Қизиқувчилар @CMS_practice орқали ҳар куни 17:30 да ташкил этилаётган zoom-дарсларда қатнашиб, кўпроқ маълумот олиши мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлигига 5 йиллик катта лойиҳа бердик, экспертлар томонидан тасдиқланди. Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ва Бельгия қироллигининг Антверпен университети ҳамкорлигида олиб борилади. Бу компьютер моделлаштиришни юртимизда ҳам кенг ёйиш имконини беради.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Top