14:38 / 11.02.2021
4870

Божхоначилар гиёҳванд воситалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари республика ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, бу моддаларни сотиш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳлар фаолиятини фош этишга қаратилган тезкор тадбир ўтказди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Қўмита ахборот хизматига кўра, дастлаб Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирининг олдида А.А. исмли шахс аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини, яъни 199,73 грамм гашишни шартли харидорга 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Шундан сўнг бу шахсга хорижий давлат фуқароси томонидан гиёҳвандлик воситаси учун олиниши лозим бўлган 3000 АҚШ доллар пулларни Тошкент шаҳрида кутиб турган «Д» исмли шахсга етказиб бериши ҳақида телефон орқали кўрсатма берилгач, тезкор тадбир Тошкент шаҳар Учтепа туманида давом эттирилди.

Туман ҳудудидаги кафелардан бирининг ёнига «Cobalt» русумли автотранспорт воситасини бошқариб келган фуқаро Э.Д. 3000 АҚШ долларни олаётган вақтида ушланди.

Шундан сўнг, мазкур шахснинг автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, автомашина салони ва юкхонасида картон коробкаларга жойланган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 100 млн сўмлик, жами 1951 қути 17 хил турдаги дори-воситалари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг жиноий фаолиятни тўлиқ фош этиш ва аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасининг қолган қисмини аниқлаш бўйича олиб борилган тезкор-тадбирлар давомида, жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Ангрен шаҳридаги кўприк тагига яшириб кетилган 900,3 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси, яна бир жиноий гуруҳ аъзоси Х.Ж.нинг ижарада яшаб келаётган хонадонидан эса 328,65 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳамда ишга алоқадор бошқа ашёлар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, юқоридаги гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтилгани ва қонунга хилоф тарзда пуллаш режалаштирилгани аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбирлар давомида 1 кг 428,68 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ва 4,21 грамм каннабис уруғи ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди, дейилади хабарда.

Салкам 5 кг оғирликдаги заҳри қотил савдоси тўхтатилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Тезкор тадбир давомида олдиндан тезкор кузатувга олинган фуқаролар Д.Т. ҳамда И.О. «Нексия» русумли транспорт воситасидан тушиб, кўп қаватли уйларнинг бири томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, унинг ёнидаги қора рангли полиэтилен пакет ичида 2 дона скотч ўрамларда 1 кг 975 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, яна бир фуқаро С.К. бошқарувидаги «Нексия» русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, мазкур транспорт воситасида ҳаракатланиб келган фуқаро Х.М.га тегишли оғирлиги 2 кг 962,28 грамм гашиш борлиги аниқланди.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида жами 4 кг 937,28 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ноқонуний савдосининг олди олинди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top