19:37 / 11.02.2021
21182

Тошкент аҳолиси шаҳар марказидаги боғни йўқотишдан хавотирда. Фаоллар имзо тўплаяпти

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига атаб қуриладиган мажмуа учун Тошкент марказидаги сердарахт хиёбон танлангани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Шаҳар ҳокимлиги қурилиш учун жой танлашда аҳоли фикри билан қизиқиб ўтирмади.

Марказий универмаг ёнида, «Мовий гумбазлар» номи билан аталиб келинадиган боғ – пойтахт марказидаги энг сердарахт хиёбонлардан. Бу ер уч йил олдин ободонлаштирилган эди.

Хиёбоннинг ўзига хослиги – у турли аттракционлар жой олган сершовқин парк эмас. Боғ – кўплаб дарахтлар, майсазор, сайр йўлаклари ва ўриндиқлар, овқатланиш ва музқаймоқ шохобчалари, китоб дўконлари бир жойда жамланган, осуда ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган пойтахтдаги кам сонли масканлардан.

Пойтахт расмийлари мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган «Истиқлол» мажмуаси учун шу боғ ҳудудини танлагани жамоатчилик эътирозини уйғотди.

Ҳокимлик боғдаги дарахтлар ҳимоя қилинишига ваъда беряпти, лекин фаол фуқаролар сўнгги йиллардаги «дарахтлар геноциди»дан шунчалик юрак олдиришганки, ҳокимиятнинг ваъдаси уларни ишонтира олмаяпти.

Боз устига, расмийлар мажмуа учун жой танлашда нега шаҳарнинг ҳақиқий эгалари – аҳоли фикрини инобатга олмагани борасида сукут сақлашмоқда.

Ҳокимлик мажмуа лойиҳаси бўйича танлов эълон қилганидан кўп ўтмай, бир гуруҳ фаол фуқаролар «Мовий гумбазлар»ни сақлаб қолиш учун петиция бошлади.

«Биз ушбу маскан ўз ҳолатида қолдирилиши учун овоз берамиз.

Биз ушбу жой қайта қурилишига ва дарахтлар кесилишига қаршимиз.

Биз шаҳар ҳокимияти ва тегишли ташкилотларга ушбу мажмуа қурилиши бошқа ерга, масалан, пойтахтнинг бузилаётган маҳаллаларидан бўш қолган жойларга кўчирилишини сўраймиз», – дейилади  петиция матнида.

Айни пайтда петицияда овоз берганлар сони 7500дан ошди. Telegram'да «Космонавтлар боғимизни ҳимоя қиламиз» номли канал ҳам очишди.

Виртуал макондан ташқари, фаоллар шаҳар аҳлидан бевосита имзо ҳам тўплашмоқда. Дастлабки босқичда боғ ҳимояси учун 5 мингдан ортиқ фуқаро имзо қўйган ва имзолар президентнинг Халқ қабулхонасига топширилган.

Kun.uz мухбири куни кеча боғда бўлиб, фаоллар муҳокамасини кузатди, Экологик партиянинг янги раиси Нарзулла Обломуродов ва партиянинг бошқа вакилларига саволлар билан мурожаат қилди.

Партия масъуллари мажмуа учун танланган жой борасида қатъий фикр билдиришдан тийилган ҳолда, жамоатчилик фикри инобатга олиниши лозимлигини қайд этишди.

Нарзулла Обломуродовнинг фикрича, ҳолат жамоатчилик фикрини ҳам инобатга олиш механизмларини қайта кўриб чиқиш кераклигини кўрсатяпти.

«Мавжуд амалдаги қонунчиликда ҳам тартиб-қоидалар белгиланган. Шу билан биргаликда, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда лойиҳаларни кенгроқ муҳокама, тақдимот қилиб амалга ошириш бўйича таклифларни тегишли органларга киритамиз», – деди Экопартия раиси.

Сиёсий партиянинг бўлим бошлиғи Улуғбек Пирмуҳаммедовга кўра, партия боғдаги дарахтларни ички хатловдан ўтказган.

«Бу ерда катта-кичик аралаш 1500дан ортиқ дарахт борлиги маълум бўлди. Оқсаётган дарахтлар 220дан ортиқлиги аниқланди», – дейди у.

Пирмуҳаммедовнинг маълум қилишича, партия тез орада масала юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этади.

«Ҳолат бўйича кетма-кетликда иш бошладик. Ҳозирда жамоатчилик фикрини эшитишга асосий эътиборимизни қаратдик. Жамоатчилик эшитуви ривожланган давлатларда қандай кучга эга бўлса, бизда ҳам шундай кучга эга бўлади», – деди «яшиллар» партияси масъули.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир дарахтни кесишдан олдин локацияси билан электрон платформага қўйиб, эълон берилади.

«Платформани яқин орада тақдим қилмоқчимиз. У ишга тушса, ҳар бир дарахт кесилишидан олдин жамоатчилик хабардор қилинади. Шу орқали жамоатчилик ва ОAВ вакиллари дарахтлар кесилиши жараёнини кузатишлари мумкин бўлади», – деди Улуғбек Пирмуҳаммедов.

Kun.uz мавзуни ёритишда давом этади.

  • Эслатиб ўтамиз, Тошкентда «Истиқлол» комплекси қурилиши президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрда имзолаган, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига доир қарорда кўзда тутилган.
  • Қарор билан пойтахтда «Истиқлол» мажмуаси қурилиши бўйича бир нечта ташкилотлар киритган таклиф маъқулланган. Ҳужжатда мажмуа Тошкентнинг айнан марказида бўлиши кераклигини кўрсатувчи банд йўқ.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top