15:58 / 12.02.2021
76565

Баҳриддин Валиев бош прокурорга ўринбосар бўлди. Тошкент шаҳрининг янги прокурори ким бўлиши маълум

Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Фарғона вилояти прокурори эгаллайди.

Фото: Kun.uz

Президент фармонига мувофиқ, Баҳриддин Баҳодирович Валиев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Баҳриддин Валиев 2017-2019 йилларда Бухоро вилояти прокурори бўлган, 2019 йил ёзидан буён Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, эндиликда Улуғбек Бердиқобилович Қосимов Тошкент шаҳрининг янги прокурори бўлади.

Улуғбек Қосимов

Улуғбек Қосимов 1983 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2005 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2005 йилда Денов туман прокуратурасида бошлаб, Сурхондарё вилоят прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2011 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, Қумқўрғон туман прокурори, Сурхондарё вилояти Музработ ва Денов туманларида ҳоким бўлиб ишлаган.

У 2018 йилнинг ноябридан Сурхондарё вилояти прокурори лавозимида фаолият кўрсатган, 2019 йил сентябрида Фарғона вилоятига прокурор бўлганди. 

Top