14:25 / 12.02.2021
5746

Фонд биржаси савдоларига 10та ёғ-мой саноати корхоналари, 20га яқин нефт-газ ва электртармоқ корхоналари ва бошқа кўплаб давлат акциялари чиқарилди

Ҳаммага маълумки, давлат раҳбари томонидан иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сонли фармони ҳам шу йўналишда бошланган ишларнинг давоми сифатида қабул қилиниб, кўплаб акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат акция пакетларининг оммавий савдолар орқали сотилишини белгилаб берди.

Бугунги кунда мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан кўплаб акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари фонд биржаси савдоларига чиқарилди. 

Жумладан:

“Урганч ёғ-мой” АЖ устав капиталидаги 60,3 фоиз, 18 млн 645 минг 786 дона оддий акциялар 115,8 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 6 минг 209,40 сўмдан) таклиф этилмоқда;

“Гулистон экстракт ёғ” АЖ устав капиталидаги 58,9 фоиз, 290 минг 796 дона оддий акциялар 103,8 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 357 минг 074,08 сўмдан) таклиф этилмоқда (савдолар 2021 йил 4 мартдан бошланади);

“Когон ёғ экстракция заводи” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз, 25 млн 938 минг 836 дона оддий акциялар 56,4 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 2 минг 173 сўмдан) таклиф этилмоқда (савдолар 2021 йил 16 мартдан бошланади).

Бундан ташқари, “Фарғона ёғ-мой” АЖ, “Янгийўл ёғ-мой” АЖ, “Андижон ёғ-мой” АЖ каби йирик ёғ-мой корхоналари (жами 10та ёғ-мой корхоналари) сотишга таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ, “Қашқадарё технологик транспорт” АЖ, “Бухоронефтгазпармалаш” АЖ, “Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖ, “Махсусэлектртармоққурилиш” АЖ каби нефтг-газ ва электр тармоқ корхоналари, шунингдек, “Трастбанк” АЖ, “Савдогарбанк” АЖ каби йирик банклар фонд биржаси савдоларига чиқарилди (тўлиқ рўйхат).

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, хусусийлаштириш жараёнида тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида уларга ҳукуматимиз томонидан кўплаб имтиёзлар бериб келинмоқда. Жумладан, “Бухоропарранда” АЖ, “Матбуот тарқатувчи” АЖ, “Урганчкорммаш” АЖ ва яна бошқа кўплаб жамиятлар устав капиталидаги давлат акциялари тадбиркорларга нархни пасайтириш механизмини қўллаган ҳолда, имтиёз билан таклиф этилмоқда.

Шунингдек, корхоналар соф активларининг давлат акция пакетлари (улушлари)га нисбатан пропорционал қиймати 100 млн сўмдан ошмаса, уларни  истисно тариқасида, соф активларининг пропорционал улушига тенг (соф активлари устав капиталидан кам бўлганда номинал) қийматда оммавий савдоларга чиқариш механизми хам қўлланиб келинмокда. Жумладан, “Муборакнефтгазтранс” АЖ акциялари номинал қийматда, “Трастбанк” АЖ ҳамда “Савдогарбанк” АЖ акциялари эса биржа котировка нархларида биржа савдоларига чиқарилмоқда.

Савдолар ошкоралик ва шаффофликни таъминлаган ҳолда оммавий савдолар орқали, аукцион тизимини қўллаган ҳолда “Тошкент” РФБда амалга оширилмоқда. 

Маълумот учун айтиш лозимки, биржа савдоларида турган давлат акцияларини мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахслар (жисмоний ва юридик), маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳеч қандай тўсиқ ва қийинчиликсиз сотиб олишлари мумкин. 

Биржа савдоларида иштирок этиш тартиби ва қоидалари, шунингдек савдоларга чиқарилган давлат акция пакетлари бўйича керакли маълумотларни https://t.me/mulksarmoya телеграм каналидан ҳамда @openinfo_bot телеграм ботидан олиш мумкин.

Маълумот учун: 90 993-95-58

Реклама ҳуқуқи асосида

Top