07:53 / 17.02.2021
4688

Оҳак ишлаб чиқариш цехи 1,4 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Жорий йилнинг 15 феврал кунидан 16 феврал кунига ўтар кечаси “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиалининг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Урганч туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирлари ўтказди.

Иллюстратив фото

Текширув давомида Урганч туманининг Беговот қишлоғи, “Қўнғирот” маҳалласида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехида яширин йўллар билан, табиий газ ҳисоблагичисиз, юқори босимли газ тармоғига Д-50 мм бўлган полиэтилен қувур ёрдамида ноқонуний уланиб, 10 дона қўлбола ёндиргичдан фойдаланган ҳолда оҳак пиширилаётганлиги аниқланди.

Ушбу оҳак ишлаб чиқариш цехи 2020 йилнинг қиш мавсумида кафолатланмаган истеъмолчи сифатида табиий газ таъминотидан узилган. Ҳозирда мазкур истеъмолчи табиий газ тармоғидан ажратилган. Ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти ташкилотига етказилган зарар миқдори 1,4 млрд сўмни ташкил этди, дейилади “Ҳудудгаз Хоразм” матбуот хизмати хабарида

Top