13:40 / 18.02.2021
16741

Тошкентдаги мактаб ўқувчиси АҚШнинг нуфузли университетидан 132 минг долларлик таклиф олди

Тошкент шаҳрида филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Аъзамжон Аъламов АҚШнинг нуфузли Widener университети грантига сазовор бўлди. Грант миқдори жами 4 йиллик бўлиб, 132 минг долларни ташкил этади.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 11-“а” синф ўқувчиси Аъзамжон Аъламов АҚШнинг нуфузли Widener университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Аъзамжонга йўллаган расмий мактубда унга йилига 30 000 АҚШ доллар, 4 йилга 120 минг АҚШ долларга тенг Widener университети Президент стипендияси тақдим этилиши маълум қилинган. 

Шунингдек, Аъзамжон Аъламовга йилига 3 000 доллар миқдорида глобал ривожланиш стипендияси топширилиши ҳам билдирилган. Шу тарзда, Аъзамжонга тўрт йил давомида бериладиган стипендиянинг умумий миқдори 132 000 АҚШ долларни ташкил қилади.

Аъзамжон Аъламов ўзи танлаган йўналиш – ахборот технологиялари бўйича АҚШнинг Widener университетида таълим олишни мақсад қилган.

Top