08:35 / 19.02.2021
3620

АҚШ иқлим бўйича келишувга қайтмоқда

АҚШ 19 февралдан иқлим бўйича Париж келишувининг яна иштирокчисига айланади. 

Фото: ТАСС

АҚШ президенти Жо Байден сайловолди кампанияси давомида сайловларда ғалаба қозонса, биринчи амалга оширадиган ишларидан бири АҚШни иқлим бўйича келишувга қайтариш бўлишини бир неча маротаба айтган. Жумладан, у бу ҳақда собиқ президент Дональд Трамп билан теледебатларда ҳам айтиб ўтган. 

АҚШ Дональд Трамп президентлиги вақтида ушбу келишувдан чиқиб кетганди.

Байден 20 январдаги инаугурациясидан кейиноқ АҚШнинг иқлим бўйича келишувга қўшилиши ҳақидаги фармонни имзолаган. АҚШнинг Париж келишувига қайтиши 30 кун вақт олди.

АҚШнинг келишувга қайтиши куни БМТ бош котиби Антонио Гуттериш АҚШ президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри билан онлайн-форматда суҳбат ўтказади. 

Иссиқхона газларига қарши кураш масаласи АҚШдаги охирги кунларда кузатилаётган ёмон об-ҳаво сабабли янада долзарб кўриниш олди. Жорий ҳафтада АҚШнинг деярли ярим ҳудуди қор бўронлари ва совуқ ҳаво исканжасида қолди. Одатда иссиқ ҳаво ҳукм сурувчи Техасда бир неча кундан бери совуқ ҳарорат сақланиб қолмоқда, бу ерда электр симлари узилиши ва электр станцияларидаги муаммолар сабабли миллионга яқин одам электр энергиясиз қолган.

АҚШнинг Париж келишувига қайтишига қарши чиқувчилар охирги 30 йил ичида кузатилаётган рекорд совуқ ҳарорат глобал исиш ҳақидаги назарияни инкор этишини айтмоқдалар. Бу орада БМТ бош котиби АҚШ ва дунёнинг бошқа давлатларида кузатилаётган об-ҳаво катаклизмлари айнан иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилиши сабабли иқлим тизимининг мувозанатдан чиқиши оқибати ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.

Top