20:16 / 23.02.2021
4704

Бухоро вилоятида 7 та туманда 492 та яратилмаган иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилган

Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши сессиясида маълум қилинди. 

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги

Сессияда вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти эшитилди. Прокурорнинг сўзларига кўра, 2020 йил давомида вилоятда мансабдор шахсларнинг 1566 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатларига протест келтирилган. Шунингдек, қонунбузилишларга йўл қўйган 1707 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилган, 1273 нафар шахс эса интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, 65 та жиноят иши қўзғатилган.

Маҳмуд Истамов

Истамовнинг таъкидлашича, жиноят ва ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган 15 млрд сўмлик зарарлар ундирилиб, 37 млрд сўмлик зарарларни ундириш бўйича судларга 539 та даъво аризаси киритилган ҳамда 5200 нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

— Коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш тизимида йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилди. Жумладан, пандемия даврида 570 нафар тиббиёт ходимига тўлаб берилмаган 2 млрд 905 млн сўмлик қўшимча иш ҳақи ва рағбатлантириш маблағлари ундириб берилди. Хато ва камчиликларга йўл қўйган 11 нафар шифокор ҳамда ҳисобчилар маъмурий жавобгарликка тортилди. Вилоятда тез тиббий ёрдам ходимларига ажратилган бир марталик моддий ёрдам маблағларининг 1 млрд 200 млн сўми ортиқча сарфланишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 4 та тиббиёт бирлашмасининг 8 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликка тортилди, — деди вилоят прокурори.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов

Истамов вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида сохта маълумотлар киритиш ва пул маблағларини талон-торож этиш билан боғлиқ тизимли муаммоларга ҳанузгача барҳам берилмаганлигини ҳам айтиб ўтди. Унинг маълум қилишича, Вобкент, Қоракўл, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон, Олот ва Бухоро туманларида 492 та ҳақиқатда яратилмаган иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Ғиждувон, Ромитан, Бухоро ва Шофиркон туманларининг бандликка кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари томонидан эса 114 млн 400 минг сўм турли йўллар билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиевнинг ҳам ҳисоботи тингланди.

Шуҳрат Алиев

Алиевга кўра, 2020 йилда вилоят ҳудудида жами 3570 та жиноят қайд этилган. Бу 2019 йилга нисбатан 850 тага кўп. Қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ўртача 184 тадан тўғри келмоқда. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 2820 таси ҳисобот йилида, 750 таси эса аввалги йилларда содир этилган. Вилоятдаги 544 та маҳалладан 254 тасида жиноят содир этилмаган бўлса, 200 тасида жиноятлар камайган, 90 тасида эса кўпайган. Вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш мақсадида 2020 йилда вилоят бўйича 5 та бозор ва 1 та маҳаллада ички ишлар бўлинмаси ташкил этилган.

Top