21:07 / 02.03.2021
27101

Қиммат механизм ёки вақтинча самара. Маҳаллабай ишлаш тизими ҳақида ўйлар

Ҳудудларнинг молия-иқтисод комплексларини ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш учун сафарбар этишдан бошланган маҳаллабай ишлаш тизими вилоят ҳокимларининг контейнер уйчаларда яшаб, аҳоли билан мулоқот қилишигача етиб келди. Бу қандай механизм ва самараси нимада ифода этилади?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 12 декабр куни Хоразм вилоятига ташриф буюрганда «маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари» ҳақида гапирганди. Мақсад – «туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиши»га эришиш.

2021 йил бошида, энг аввало, банк раҳбарлари маҳаллабай ишлашга ўргатилди. Семинар-тренингларда асосий эътибор «маҳаллабай» ишлаш тизимини жорий этишнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилди. Шунингдек, банк раҳбарлари томонидан ишчи «Таргет» гуруҳи тузилиб, маҳаллаларнинг иқтисодий ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш режа-графигини ишлаб чиқиш, маҳалланинг ишсиз аҳолисини ишга жойлаштириш ёки тадбиркорлик субъектларига йўналтириш мақсад қилинди.

Ҳафтанинг муҳим иқтисодий хабарлари таҳлили суҳбатида молиячи Отабек Бакиров маҳаллабай ишлаш тизимининг мазмун-моҳияти ва самараси ҳақида фикр билдирди.

У ҳар қандай ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи маҳсулотни харидоргача етказиб беришга ҳаракат қилиши, шу нуқтайи назардан, маҳалларгача кириб бориш дегани банкларнинг маҳаллада яшовчи, эҳтимол, потенциал мижозларга маҳсулотни етказишини англатишини айтиб ўтди.

«Бу бир жиҳатдан тўғри, аммо логистика нуқтайи назардан олиб қараганда, бир бирлик банк маҳсулотини кўчама-кўча ёки маҳаллабай юриб сотиши, реализация қилиши ёки таклиф этиши, нисбатан, қиммат жараёнга айланади. Бир неча фоизга эмас, бир неча карра қимматроқ жараёнга айланади.

Бунда транспорт, логистика, меҳнат харажатлари каррасига ортиб кетади. Ўз-ўзидан банк хизматларининг нарх нуқтайи назаридан рақобатбардошлигини ўлдиради. Бу – иқтисодий нуқтайи назардан.

Имкон қадар банк хизматлари энг кенг қатламларгача кириб бориши таъминланади, деган яхши гумонга боргандим. Бизда жисмоний шахслар банк тизимининг ҳамма хизматлари билан тўлиқ қамраб олинмаган. Бунга аввалдан банк тизимининг ортда бўлгани, инфратузилма бўлмагани, интернет тезлиги ва ҳоказо омиллар таъсир қилган. Шу сабабли, хизматлар энг чуқур харидоргача етиб бормаган. Мақсад энг чуқур мижозгача хизматларни олиб бориш бўлса, танлаган йўлимиз нотўғри. Яъни банк хизматларини энг чуқур харидоргача етказиб боришнинг осон йўли инфратузилмани яхшилаш, нархларни арзонлаштириш ва интернет тизимини яхшилаш бўлади.

Хизматлар билан қамраб олишнинг энг осон ва тўғри йўли масофавий хизматлар. Ўзим 10дан ортиқ банк хизматларидан фойдаланаман, лекин у банкларга бирор марта бормаганман.

Грузия етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан иборат давлат ҳисобланади, унда аммо ТБСнинг кириб бормаган жойи қолмади. Бу банк Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Бизнинг банкларимиз келажаги шундай тартибда бўлиши керак. Маҳаллагача кириб бориш ғояси жуда кўп иррационал мундарижа билан тўлиб кетди. Яъни кампаниябозликка айланиб кетди. Бошқа тарафдан банкларнинг ҳозирги аҳволи ҳар бир маҳалладаги фуқароларни барча банк хизматларига бўлган талабни қондириш учун ресурсларига эга эмас.

Биз тўлиқ инвентаризация қилиб, ҳар битта маҳалладаги тадбиркорлар, фуқароларнинг истеъмол талабларини рўйхатдан ўтказиб, уларни банк мижозларига айлантирган тақдиримизда ҳам, уларнинг барча талабларини тўлиқ қондириш имконияти мавжуд эмас. Яъни ишлаб чиқариш ресурслари тўлиқ мавжуд эмас.

Тасаввур қилинг, 10 минг одам маҳаллада яшайдиган бўлса, иқтисодий сабабларга кўра тахминан 500 киши тадбиркорлик билан шуғулланади. 500тасининг ҳаммасини арзон кредит билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас ёки 20 нафар кам таъминланган, 50 нафар қашшоқ одамнинг ҳаммасини доимий равишда таъминлаш имконияти йўқ. Ресурсларимиз чекланганлигини инобатга олишимиз керак, бу ҳолатда биз ўша 500танинг ичидан 5тасини танлашга мажбурмиз, қолганлари албатта норози бўлади», дейди Бакиров.

Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниевнинг айтишича, баъзида реал муаммолар билан курашишга тўғри келганда, ноанъанавий қарорлар қабул қилишга тўғри келади.

«Яъни иқтисодий назария ва бозор механизмининг ўзига қўйиб берсангиз ҳар доим ҳам сиз кутган натижани бермайди. Чунки бозор механизми ишлаши учун бизда етарли инфратузилма ва бошқа факторлар ҳам бўлиши керак. Маҳаллаларга борганимизда ишсизлик каби муаммолар бор, шундай ҳолатлар борки, қўшимча қиймат яратиш имконияти мавжуд жойлар бор, фақат ўша ресурс ёки ҳокимият идораларининг ваколат доирасидаги масалалар, деймизми битта жойга олиб келиб масалани тезроқ ечиб берадиган механизм йўқ.

Шу нуқтайи назардан, баъзи жойларда ҳамма муаммо ечилмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, баъзи жойларда, баъзи муаммоларни тезроқ ечиб натижага эришиш учун тезроқ ишлайдиган механизм сифатида кўрилмоқда.

Фикримча, бу механизмни узоқ муддат ишлатиб бўлмайди. Яъни қисқа фурсатда барча ресурсларни йўналтириб, фақат банк сектори эмас балки барча соҳа ресурсларини йўналтириб маҳаллалардаги муаммоларни ечиш кўзланган.

«Маҳаллабай» ишлаш тизимининг йўлга қўйилгани жамиятда иккита функциянинг ишламаётганини англатади. Биринчиси – қонун устуворлиги, яъни қонунлар ишламай ҳамма ўз вазифасини тўғри бажармаётгани. Шунингдек, ҳар бир лавозимнинг низомида ўз вазифа ва мажбуриятлари бор.  Баъзида жойларга борганингизда одамлар муаммосини эшитганингизда, сиз одамларга иқтисодий терминлар билан иқтисодий самарадорликни тушунтирсангиз, бу – ечим эмас. Муаммони ҳал қилиш учун анъанавий бўлмаса ҳам, иқтсодий назарига зид бўлса ҳам қарор қабул қилишга мажбур бўласиз. «Маҳаллабай» ишлаш тизими қисқа фурсатда натижасини беради, аммо бу чегарадан ошмаслиги керак», дейди у.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, маҳаллабай ишлашни тарихда кўрмаган бўлсак-да, бу ҳам моделлардан бири ҳисобланади.

«Нисбатан солиштирганда қиммат модел ҳисобланади. Вазир, вазир ўринбосари қайсидир маҳаллага бориб, маҳалланинг ижтимоий, маиший муаммоларини ечиши самарали лекин қимматга тушадиган йўл.

Биз бир неча бўғиндаги ҳокимият органларини қавсдан ташқарига чиқариб қўймоқдамиз. Aгар вазир маҳаллага бориб муаммони ҳал қилаётган бўлса, вилоят ҳокими, шаҳар, туман ҳокими институтлари, ўз-ўзидан коммунал ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ бўлимларини аморф ҳолатга келтириб қўйяпмиз. Иккинчи масала, давлат хизматларини фуқароларга етказиш бўйича бутун дунё умумий норма, логистик қарашлар мавжуд. Давлат хизматлари иложи борича шаҳарларда, аҳоли тўпланадиган масканларда кўрсатилади. Биз қанчалик маҳаллама-маҳалла юриб давлат хизматларини кўрсатишни бошлайдиган бўлсак, бир бирлик давлат хизматини амалга ошириш қимматга тушаверади ва унинг охирги юки давлат бюджетига тушади. Занжирни бир-бирига улайдиган бўлсак, муаммоси ечилаётган одамлар учун кўрсатаётган хизматларимиз шу одамлар учун ҳаддан ташқари қимматга тушмоқда», дейди у.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти камида 5 фоиз ўсиши мақсад қилинган. Бироқ глобал иқтисодиётдаги ноаниқлик узоқ давом этиши мумкинлиги иқтисодий ўсишнинг қўшимча захираларини топиш ва сафарбар қилишни талаб этмоқда.

Шу боис, президент барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифасини қўймоқда. Бу ўз-ўзидан маҳаллабай ишлаш тизими яратилишига туртки бўлди.

5 феврал куни Фарғона вилоятида ташриф билан бўлиб турган президент кутилмаганда кортеж манзилини Фарғона шаҳридаги маҳаллалардан бирига ўзгартирди. У ерда аҳоли билан мулоқот қилди, муаммо ва таклифларни тинглаб, мутасадди амалдорларга танбеҳ берди.

19 феврал куни эса Наманганда шундай ҳолат такрорланди. Давлат раҳбарининг ташрифидан сўнг, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Мирзиёев белгилаган топшириқларни бажариш мақсадида «Бунёдкор» маҳалласига кўчиб ўтганини эълон қилди. Кейинроқ, Бухоро вилояти ҳокимининг кўчма контейнердаги штаби пайдо бўлди.

Top