21:26 / 06.03.2021
3114

Малайзиянинг AirAsia авиакомпанияси 2022 йилда учар таксилар хизматини йўлга қўймоқчи

Учар таксиларда тўрттадан кам ўрин бўлмайди, улар квадрокоптер каби ҳаракатланади.

Фото: Reuters

Малайзиянинг AirAsia авиакомпанияси 2022 йилда учар такси хизматини йўлга қўйишни мақсад қилган, деб маълум қилди AirAsia Group Berhad гуруҳи асосчиси ва бош директори Тони Фернандес.

Фернандеснинг сўзларига кўра, янги сервис тахминан бир ярим йилдан кейин йўлга қўйилади. Учар таксиларда тўрттадан кам ўрин бўлмайди, улар квадрокоптер каби ҳаракатланади, деди у.

У янги сервисни ишга тушириш учун қанча харажат қилиниши ва йўлкира ҳақи неча пул бўлиши тўғрисида маълумот бермади. Фернандес шунингдек, учар машиналарни ким етказиб беришига ҳам аниқлик киритмади.

AirAsia 2020 йилда мижозларига бир неча ой давомида истаганича саёҳат қилиш имконини берувчи «чексиз чипта»ларни таклиф қилганди. Авиакомпания бош директори Карен Чаннинг айтишича, нархи 100 долларлик 200 мингдан ортиқ ана шундай чипталар сотилган.

Турли мамлакатлардаги қатор компаниялар учар автомобиллар прототипларини ишлаб чиққан. Airbus 2018 йилда Alpha One самолёт-таксиси синовларини ўтказган. Германиянинг Lilium стартапи 36та электродвигател ўрнатилган ўз прототипини намойиш этган бўлса, 2018 йилда Rolls-Royce, 2019 йилда Volocopter стартапи учар машина прототипини тақдим этган.

Мавзуга оид
Top