17:14 / 09.03.2021
7673

«Тиббиёт дунёси» клиникаси раҳбари Аслам Бўриев Kun.uz’да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди

«Менга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови ҳаракатларимда жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли юритувдан тугатилган. Сингапурлик тадбиркорнинг «Тиббиёт дунёси» МЧЖга нисбатан даъво аризаси эса барча суд инстанцияларида рад этилган», дейди клиника раҳбари Аслам Бўриев.

Тошкент халқаро аэропортида коронавирусга қарши тест таҳлилларини олиш ҳуқуқи «Тиббиёт дунёси» МЧЖга берилгани ҳақидаги мақолада келтирилган айрим фактларга нисбатан клиника раҳбари ва таъсисчиси Аслам Бўриев ўзининг муносабатини билдирди. Шунингдек, А.Бўриев сингапурлик тадбиркор билан боғлиқ муносабатларига доир қўшимча маълумотларни тақдим этди.

«Таъкидлашни истар эдимки, мақолада тўлиқ бўлмаган маълумотнинг берилиши мен ва мен асос солган «Тиббиёт дунёси» МЧЖга нисбатан фуқароларда турли шубҳа ва гумонлар уйғонишига сабаб бўлди. Шу боис мақолада ёдга олинган айрим ҳолатларнинг якуни нима билан тугаганини айтиб беришга қарор қилдим», дейди Аслам Бўриев Kun.uz мухбири билан суҳбатда. 

«Ҳақиқатан ҳам «Тиббиёт дунёси» МЧЖнинг Сингапур давлатида жойлашган «PROFIL TRADING РТЕ LTD» компанияси ўртасида ўзига яраша келишмовчилик ва низолар бўлган.  

Жумладан, Ўзбекистонда жойлашган «PROFIL ENTERPRISE» чет эл иштирокидаги МЧЖ раҳбари, ҳиндистонлик Моҳамед Али Прем Назир 2017 йилдан бошлаб республика бош прокурори ва бошқа идораларга шикоятлар йўллаб, унда Сингапурнинг «PROFIL TRADING PTE LTD» компанияси ҳамда «Tibbiyot dunyosi» МЧЖ ўртасида 2015 йил 23 июнда имзоланган қиймати 1 097 580 АҚШ долларига тенг импорт шартномасига кўра «PROFIL TRADING PTE LTD» компанияси Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Гепатит-Б» вирусига қарши вакцинани Ўзбекистонга етказиб бериши кўзда тутилгани, компания шартнома талабларини бажарган бўлса-да, «Tibbiyot dunyosi» МЧЖ импорт қилинган вакциналар учун маблағларни тўлаб бермаганини билдирган.

 Ушбу мурожаатлар Чилонзор тумани прокуратураси, Тошкент шаҳар ҳамда Бош прокуратураларда мазмунан кўриб чиқилиб, менинг ҳаракатларимда жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, Прем Назирга ҳолат юзасидан иқтисодий судларга мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Аммо, Прем Назир низо бўйича судга мурожаат этмай, чет элда рўйхатдан ўтган сайт орқали 2018 йил 3 май куни «Миссия не выполнима: индийский инвестор не может вернуть деньги в Узбекистане» сарлавҳаси остида мақола эълон қилдирган. Ушбу мақола эълон қилиниши ортидан менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноий иш менинг ҳаракатларимда жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, 2019 йил 9 октябр куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан иш юритувдан тугатилган.

Шундан кейин, Прем Назир, Ўзбекистондаги «PROFIL ENTERPRISE» МЧЖ ҳамда Сингапурдаги «PROFIL TRADING РТЕ LTD» компаниялари номидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритган. Унинг даъво талаблари барча суд инстанцияларида рад этилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 12 ноябрдаги қарори билан даъвогар Прем Назирнинг барча талаблари асосcиз бўлганлиги, шунингдек, унинг судларга мурожаат этиш ҳуқуқи бўлмаганлиги сабабли рад этилиб, якуний қарор қабул қилинган.

Шунга қарамай, П.Назир менинг шаъним ва қадр-қимматимга путур етказувчи маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилгани учун унинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилганман, ҳозирда суриштирув ишлари ўтказилмоқда», дейди «Тиббиёт дунёси» МЧЖ раҳбари Аслам Бўриев.

Top