14:34 / 11.03.2021
5678

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашув институтига доир норма киритилмоқда

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли қонун билан тасдиқланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 21-1-модда билан тўлдирилиши режалаштирилган.

Унда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилади.

Қайд этилишича, кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат), 45-моддасида (фуқаролар турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 46-1-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 61-2-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 183-моддасида (майда безорилик), 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Бир йил давомида кодекснинг 21-1-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни такрор содир этган шахслар ярашилганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) томонидан томонлар ўзаро ярашганлиги ҳақида хулоса тузилиб, иш ҳужжатлари ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун ушбу кодекснинг 308-2-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.

Top